Namangan teatri
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |

Наманган театри, Алишер Навоий номидаги давлат мусиқали драма театри — дастлабки театрлардан бири. 1931-йил 15-июнда „Интилиш“ (А. Султонов) спектакли билан очилган. Профессионал театр жамоасининг асосини маҳаллий мактаб ва техникумларнинг ўқитувчилари, ҳаваскорлик драма тўгараги қатнашчилари ташкил этган. Труппанинг бадиий раҳбари ва театр ташкилотчиси Раззоқ Ҳамроев (Н. Розиқий билан) бўлган. С. Отахонов, Б. Эминов, А. Тошбоев, А. Тўрахонов, Х. Шарипов, Н. Ишоқов, кейинроқ М. Азизова, Т. Жаъфарова, С. Раҳмонов, М. Дадабоев, Т. Содиқов ва бошқа театрнинг дастлабки ижодкорларидир. 30-йиллар театр учун саҳна санъатини эгаллаш йўлидаги ўзига хос мактаб йиллари бўлди. Бу даврда саҳналаштирилган „Ҳужум“ (В. Ян, Чўлпон), „Маликаи Турандот“ (К. Гоцси), „Ҳалима“ (Ғ. Зафарий) каби спектакллар бадиий йўналишига кўра кўпроқ ташвиқот характерида эди. 30-йилларнинг ўрталарида жамоанинг ижодий фаолиятида маълум бурилиш ясалди. А. Турдиев, Р. Ҳамроевнинг актёрлар билан ижодий ҳамкорлиги самарали натижа берди ва „Гулсара“, „Номус ва муҳаббат“ (К. Яшин), „Рустам“ (У. Исмоилов), „Оциз“ (А. Мажидий), „Макр ва муҳаббат“ (Ф. Шиллер), „Бой ила хизматчи“ (Ҳамза) каби спектакллар яратилди. Актёрлар образ яратишда қолип ва бир хилликни бартараф этиб, аста-секин қаҳрамонлар ички дунёсини очиш санъати, инсон хусусиятларини тасвирлаш маҳоратини эгаллаб бордилар.
1936-йил театр илк бор Тошкентга гастролга келади, „Фарҳод ва Ширин“, „Лайли ва Мажнун“, „Рустам“, „Аршин мол олон“ каби спектакллари пойтахт томошабинлари томонидан ижобий баҳоланди.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари театр ижодий труппаси „Қурбон Умаров“, „Фронт бўйлаб буйруқ“, „Бургутнинг парвози“, украин театри актёрлари билан ҳамкорликда Гулак-Артёмовскийнинг „Запорожелик Дунай ортида“ номли ҳажвий операсини саҳналаштирдилар.
Урушдан кейинги йиллар театр репертуари кенгайди. Ижодий кўтаринкилик, репертуар мустақиллигига эришишга актёрлик махрратини ўстиришга интилиш сезилди. Айниқса, 50-йилларнинг 2-ярмида А. Хачатуров бош режиссёр этиб тайинлангач, жамоада узлуксиз иш олиб борилиб, оригинал репертуар, спектакл саҳналаштиришда ифодавийликнинг янги қирраларини излаш, саҳна безакларини янгилаш устуворлик қилди. Айнан шу даврда ўзбек драматургияси билан театрнинг ўзаро боғланиш жараёни кучайди. „Юрак сирлари“ (Б. Раҳмонов), „Оғриқ тишлар“ (Абдулла Қаҳҳор), „Чин муҳаббат“ (Одил Ёқубов), „Хуррият“ (Уйғун), „Туғма доғ“ (С. Қрриев) каби спектаклларда давр муаммолари, халқ ҳаёти ва унинг меҳнатини аниқ тасвирлашга интилиш асосий вазифага айланди. 1957-йил Тошкентга бўлган гастролида театр маданиятининг анча юксалганлиги, репертуарнинг жанр жиҳатидан ўсганлиги, актёрлик ансамблининг яхлитлиги кузга ташланди. Театр ривожига ўша даврда М. Азизова, О. Тожибоева, Т. Назарова, М. Убайдуллаев кабилар муносиб ҳисса қўшдилар.
1963-йил театр мусиқали драма ва комедия театрига айлантирилгач, театрнинг ўзига хос репертуарини шакллантириш ҳаракатлари натижаси ўлароқ „Тошболта ошиқ“ (Ҳ. Ғулом; М. Левиев), „Нурхон“, „Гулсара“ (К. Яшин; Т. Жалилов). „Алпомиш“, „Тохир ва Зухра“ (С. Абдулла), „Гули сиёҳ“ (С. Жамол), „Ҳалима“ (Ғ. Зафарий, Т. Тула), „Лайли ва Мажнун“ (Ш. Хуршид) каби мусиқали драмалар театр репертуаридан урин олди. Мусиқали драмалар билан бир қаторда „Ўликлар кечирмайди“ (Ў. Умарбеков), „Уфқ“ (С. Аҳмад), „Каса Маре“ (И. Друце) сингари драматик спектакллар ҳам қўйилди. Кейинроқ „Юсуф ва Зулайҳо“ (Ҳ. Саъдулла; Д. Соаткулов), „Ўн учинчи раис“ (О. Абдуллин), „Ёввойи фаришта“ (А. Коломийс), „Темир хотин“ (Шароф Бошбеков) каби ижтимоий мавзудаги асарлар муваффақият билан саҳналаштирилди. Шу даврда театрда ижод қилган Ҳ. Охунова, М. Исомиддиновларнинг хизматлари катта бўлди.
Мустақилликдан кейин театр фаолиятида янги давр бошланди. 90-йилларнинг ўрталарида театрни Карим Йўлдошев бошқарди. Мустақил репертуар танлаш, мавзу ва жанр диапазо-нининг кенгайиши кўзга ташланди. Бу даврда театр спектакллари ватан тарихи ёритилган, замонавий мавзу акс этган асарлар ҳамда жаҳон классикасидан иборат бўлди: „Машраб“ (А. Турсун), „Ёр истаб“ (Ҳ. Шарипов), „Кашмир қўшиғи“, „Алпомишнинг ўқ-ёйи“ (А. Жаббор), „Усмон Носир қаерда?“ (А. Аъзамов), „Кирол Лирнинг набиралари“ (У. Шекспир, А. Пушкин, М. Булгаков) ва бошқа театрнинг сўнгги йиллардаги энг яхши спектаклларидир.
Ўзбекистон халқ артистлари М. Убайдуллаев, У. Нуралиев; О. Тожибоева, К. Расулова, М. Раҳмонов, В. Сайдалиев каби Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, шунингдек, С. Саримсоқова, С. Омонов, М. Ниёзов, М. Фахриддинова, Х. Мадраҳимова, У. Мирзаев, А. Тожибоев, А. Каримова, М. Абдуллаева ва бошқа актёрлар театрнинг ҳозирги кундаги етакчи ижодкорларидир.
Муҳаббат Тўлахўжаева[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |