Наслчилик китоби, наслдор ҳайвонлар давлат китоби — зот стандартларига мос келадиган наслли молларни рўйхатга олиш китоби. Наслчилик китобида хўжаликларда урчитилаётган ҳайвонлар зотларидаги энг машҳур эркак ва урғочи ҳайвонларнинг келиб чиқиши ва маҳсулдорлик кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотлар қайд қилиб борилади. Наслчилик китоби зотларни такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Дунёда биринчи марта Наслчилик китоби Англиядаги йўртоқи отларнинг синов натижалари бўйича 1751-йилда нашр этилган. 1793-йилда нашр этилган китобда 1690-йилдан бошлаб йўртоқи соф зотли отларнинг генеалогик маълумотлари тўпланган. Кейинчалик қорамол зотлари: 1822-йилда шортгорн ва гернсей; 1838-йилда жерсей; 1845-йилда герефорд; 1862-йилда абердин-ангусс ва галловей зотлари бўйича Наслчилик китоби лари чоп этилган. Россияда 1834-йилда салт минилувчи соф зот ва 1839-йилда орлов зоти бўйича, 1903— 08 йилларда Курск, Ҳарков ва Шимолий қишлоқ хўжалиги жамиятларининг Наслчилик китоби ташкил этилган. 1924-йилда ярослав, 1926-йилда қизил горбат, 1927-йилда холмогор сигир зотлари тўғрисидаги китоблар чоп этилган.

Ўзбекистонда Наслчилик китоби биринчи марта 1941-йилда Н.А.Тетерин ва П.П.Есютинлар томонидан "Ўрта Осиёнинг зотли отлари" бўйича 1-жилд, шунингдек, 1950 ва 1960-йилларда П. К. Трофимов ва В. А. Шчекинлар томонидан "Қора-байир зотлари" китобининг 2- ва 3-жилдлари, 1982-йилда К.А. Лихов, Н. Т. Горшков ва Т.Д.Сабдушевлар томонидан "Қорабайир зотлари"нинг 4-жилди тайёрланиб, нашр этилган. Қорамолчиликда 1958-йилда А.А. Атбашян томонидан "Бушуев зот гуруҳи" давлат Наслчилик китобининг 1-жилди тузилган бўлиб, унда 60 буқа ва 240 сигир, 1982-йилда А. М. Мустафаев томонидан "Бушуев зотлари" давлат наслчилик китобининг 2-жилди тузилиб, бунда 45 бука ва 568 сигир ҳақидаги маълумотлар берилган. Қўйчиликда 1949-йилда "Ҳисор қўй зотлари"нинг 2-жилди ва 1980-йилда "Қоракўл қўй зотлари"нинг 11 жилди нашр этилган.

Китобда кайд этилган маълумотлардан ишлаб чиқаришда кенг микесда фойдаланиш мумкин. Ушбу китоб республикада урчитилаётган наслдор қорамол, от, туя, қўй ва эчкиларни рўйхатга олиш, уларнинг маҳсулдорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиб, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида кенг тарғиб қилиш имконини беради.

Изатулла Эшматов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил