Natalya Kornelyevna
Наталя Корнелевна Абрамсева (1954-йил 17-август, Москва – 1995-йил 6-феврал, Москва) – рус болалар ёзувчиси.
| Наталя Корнелевна | |
|---|---|
| Таваллуди |
1954-йил 17-август |
| Вафоти |
1995-йил 6-феврал Москва |
| Фуқаролиги |
|
| Йўналиш | Болалар учун эртаклар |
Биографияси
Наталя Абрамсева ҳарбий хизматчи Корнелий Корнелевич Абрамсев (кейинчалик таниқли ёзувчи-драматург) ва рус тили ҳамда адабиёти ўқитувчиси Людмила Николаевна оиласида дунёга келган. Кўп ўтмай, отаси Украинанинг кичик Белокорович шаҳарчасига хизмат сафарига юборилган, бўлажак ёзувчи ота-онаси билан у ерда икки йил яшаган. Болалик пайтида орқа мия касаллигига чалингани туфайли, Наталя тўшакка михланиб қолган. Жисмоний хасталигига қарамай, Наталя тўлақонли ҳаёт кечиришга ҳаракат қилган: кўп китоб ўқиган, нафақат рус тилида, балки инглиз ва испан тилларида ҳам китоблар ўқир, ҳикоялар ва очерклар ёзарди. Бироқ ёзувчининг асосий машғулоти эртаклар ёзиш бўлиб қолган. Адибанинг 40 йил умр кўргани тиббиётда ноёб ва тушунтириб бўлмас ҳолат ҳисобланади. Наталя Абрамсева болалар ва катталар учун жами 120 га яқин эртак ва ҳикоя, 12 та театр песаси ёзган. Унинг асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган; Россия, яқин ва узоқ хориж мамлакатлар театрларида песа сифатида саҳналаштирилган; асарлари мултфилмлар ссенарийларига асос бўлган. „Сказки для добрих сердес“, „Радуга в сочелник“, „Рождественские грёзи“, „Чудеса да и толко“, „Что такое зима“, „С кем разговаривают собаки“ тўпламлари алоҳида китоб бўлиб нашр этилган. Наталя Абрамсевага „Спокойной ночи, малиши!“ телекўрсатувининг бир нечта ссенарийлари тегишли[1]. 1978-йилда „Ласточка“ эртаги эълон қилинган ва шу билан унинг эртакларининг зафарли юриши бошланган. 1984-йилда у бир вақтнинг ўзида „Огонёк“ ва „Совецкая женшина“ журналларининг йиллик мукофоти совриндори бўлган[2]. 90-йилларда адибанинг асарлари халқаро миқёсда кенг шуҳрат қозонган. 1985-йилда унинг „Сказка о весёлой пчеле“ номли биринчи китоби, 1988-йилда „Что такое зима“ тўплами, 1990-йилда „Ден рождения“ тўплами чоп этилган, 1992-йилда эса ёзувчи эртаклари билан безатилган тақвим нашрдан чиққан. 1978-йилдан бошлаб унинг асарлари „Вечерняя Москва“, „Сударушка“ газеталарида, „Работница“, „Познайка“, „Лиза“, „Фома“ ва бошқа кўплаб журналларда мунтазам равишда нашр этиб борилган. 1990-йилда у СССР Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган. 1995-йил 6-февралда вафот этган ва Ваганковский қабристонига дафн этилган[3].
Манбалар
- ↑ „Памяти Натальи Абрамцевой // Международный фонд ВСМ (Великий Странник Молодым)“. 2019-йил 22-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2018-йил 25-феврал.
- ↑ Русские детские писатели ХХ века — 5 — 7-бет.
- ↑ „Абрамцева Наталья Корнельевна“. Где дремлют мёртвые... (2022-йил 20-июн). 2023-йил 6-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 6-август.