Натан Гуревич Яковлевич (1888-йил, Ражица — 1938-йил) — Қизил юлдуз ордени соҳиби, Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети раисининг иккинчи ўринбосари. Кейинчалик қатағон қурбони бўлган.

Натан Гуревич Яковлевич
Таваллуди 1888-йил
Ражица, Латвия
Вафоти 1938-йил 7-октябр
Тошкент
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР
Фаолият йиллари 1903—1938

Натан Гуревич 1888-йил 11-апрелда Латвиянинг Ражица шаҳрида мешчан оиласида дунёга келган[1]. 1903—1906-йилларда Псковдаги Байқ устахонасида шогирд, 1906-1909-йилларда Вологда шогирд, уста ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

1909—1912-йилларда ҳарбий хизматни ўтаган. Армиядан қайтгандан сўнг 1912-йилдан 1915-йилгача Бухоро шаҳрида жойлашган керосин омборида иш бошқарувчи бўлиб ишлайди. 1915—1916-йилларда Қозоғистоннинг Арис стансиясида керосин омбори мудири, 1916—1918-йиллар орасида эса Бухоро йиғув пункти мудир ёрдамчиси, кейинроқ мудир бўлиб ишлаган. 1918-йилдан 1921-йилгача Янги Бухорода Марказий Халқ хўжалиги кенгаши, туман пахтачилик бўлими раиси бўлган. Пахтачилик соҳасида Туркистон Республикаси коллегия а‘зоси сифатида ишлаган.

1921-йилнинг бошидан июл ойига қадар Қўқонда вилоят халқ хўжалиги кенгаши раиси вазифасини бажарган. 1921—1923-йилларда эса ташқи савдо халқ комиссарлигининг Бухоро, Туркистон республиклари бўйича бўлим бошқарувчиси ва вакили, 1923—1924-йиллари Бухоро пахтачилик комитетида Ликвидиция қилиш комиссияси раиси сифатида фаолият юритган[2]. Рус ва яҳудий тилларини мукаммал билган. 1918-йилнинг март ойида Қизил армия сафларида оддий аскар сифатида Бухоро амирлигига қарши курашган. 1924-йилда Бухоро Халқ ҳукумати пахтачиликни тиклашдаги фаол иштироки учун Қизил юлдуз ордени билан тақдирлаган. 1933-йилдан 1937-йилгача Ўзбекистон пахта тайёрлаш трестининг бошқарувчиси, 1937-йил 16-майда Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети раисининг иккинчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Яшаш манзили сифатида Тошкент шаҳри, Совецкая кўчаси 16-уй рўйхатга олинган. СССР Олий Суди коллегиясининг 1938-йил 7-октябрда сайёр йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Натан Гуревич иши кўриб чиқилади. Маҳкум суд ҳукмига биноан ўлимга ҳукм этилган[3], жазо ўша куниёқ амалга оширилган.

Манбалар

  1. ↑ „ГУРЕВИЧ Натан Яковлевич“. CентрАсиа.орг. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
  2. ↑ Рустамбек Шамсутдинов. Ўзбекистонда советларнинг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари (1-китоб) (ўзбекча). Тошкент: Шарқ нашриёти 2012 — 162-бет. ИСБН 978-9943-00-481-8. 
  3. ↑ Наим Каримов. 1937-1938-йиллардаги „Катта қирғин“нинг фожиали оқибатлари. Тошкент 2015 — 158-бет.