Нацизм — давлат ва жамиятнинг социалистик тузилиши миллатчилик ғоялари билан чамбарчас боғлиқ бўлган миллий социализмнинг сиёсий мафкураси. Бу бир халқнинг бошқалардан устунлигини тарғиб қилиш, ирқий камситиш ва этник урушларни оқлаш имконини беради. Бундай мафкуранинг энг муҳим кўринишлари — тоталитаризм, бозор иқтисодиётини рад этиш, умумий ҳарбий хизматни жорий этиш, тўлиқ муросасизлик ва якдиллик муҳити.

Нацизм — немисларнинг 1919-1945-йиллардаги тоталитар, радикал, экстремистик, ултраўнг, ирқчи ва антисемитик мафкураси ва ҳаракати, фашизмнинг бир шакли. Этник национализмни, „орийлар ирқи“ ғояси ва унинг бошқа ирқлар устидан биологик ва маданий устунлигини; ирқчи антисемитизм, славянофобия, „орийча“ социализм, антикоммунизм, антилиберализм, антидемократизмни улуғлайди. Нацизмнинг бош мафкурачиси Адолф Гитлер бўлган. Унинг асосий ғояси орийлар ирқининг бошқа ирқлардан устунлиги ва семит ирқига (яъни, яҳудийларга) қарши курашдан иборат бўлган. Гитлер немисларни биологик жиҳатдан бошқалардан устун бўлган орийлар ирқига мансуб деб ҳисоблаган. Яҳудийлар эса паст ирқ ҳисобланиб, герман халқлари ёнида яшашга номуносиб деб топилган. Нацистлар славянларни ҳам паст ирққа мансуб кўришган. Нацизм фашизмдан тоталитарликни, давлатнинг бирламчилик ғояси, жанговарликни олиб, унга Гитлернинг бир инсоннинг туғилишига кўра бошқалардан устунлиги, орийлар ирқи назарияси ҳақидаги уйдирмаларни қўшган. Нацистлар орийларни туғилганидан бошлаб бошқа халқлар устидан ҳукмронлик қиладиган ҳукмдорлар ирқи ҳисоблаган.

Гитлер ва Муссолини

Фанда Гитлер ҳисоблаганидек, орийлар деганда кўзлари мовий, сочлари малла, европача ташқи кўринишга эга инсонлар эмас, ҳинд-эрон тилларида сўзлашувчилар тушунилади. Яъни Покистон, Афғонистон, Тожикистон аҳолиси, ёки масалан, нацистлар яҳудийлар билан бир қаторда қирган лўлилар.

Нацизм — энг радикал, ХХ асрда даҳшатли из қолдирган национал-социалистик Германиянинг мафкурасига ишора қилувчи терминдир. Национал-социализм келиб чиқиши мураккаб бўлган мутант бўлиб, у бир томондан италян фашизми руҳиятдан пайдо бўлган, бунга ХХ асрнинг биринчи ярмида Германияда мавжуд бўлган ирқларга оид назариялар ҳам қўшилган. Шунингдек, национал-социализмда нацист доҳийларнинг Германия билан Биринчи жаҳон урушида содир бўлган воқеаларга шахсий алами ҳам муҳим из қолдирган. Немисча нацизм ёки мафкурачиларнинг ўз тили билан айтганда национал-социализм 1920-йилда национал-социалистик немис ишчи партияси — НСДАПга асос солинишига сабаб бўлган. 1933-йилнинг январида у Германияда ҳокимият тепасига келади. Ўша йилнинг ёзида у мамлакатдаги ягона қонуний партияга айланади. Унинг етакчиси Адолф Гитлер бўлган. У ярим йил ичида мамлакатдаги барча бошқа партияларни тақиқлашга улгуради.

НСДАП партияси белгиси

Айнан НСДАП Ҳолокост, Иккинчи жаҳон уруши ва нацистлар, тўғрироғи, национал-социалистлар томонидан содир этилган минглаб жиноятлар учун жавобгар. Партия ва ғоя номидаги социалистлар сўзи собиқ СССР давлатларида гитлерчиларни нацистлар дейишдан кўра фашистлар деб аталишини одатга айлантирган. Чунки совет социалистик республикалари иттифоқи раҳбарияти национал-социалистларни ўз душманлари сафида кўришни истамаган. Чунки номларда чалғитувчи ўхшаш сўзлар иштирок этмоқда. Шу сабабли совет пропагандаси гитлерчиларни „немис-фашист газандалари“ деб аташган. Бу ерда хато йўқ. Чунки нацизм фашизмнинг кўплаб жиҳатларини ўзлаштирган ва фашистик мафкуранинг бир варианти сифатида кўрилиши мумкин. Хуллас, бугунга келиб нацистни фашистдан ҳамма ҳам ажрата олмайди. Ҳар икки иборада давлат, доҳий ва уруш култи, демократия ва индивидуал эркинликларни рад этиш, парламентаризм ва инсон ҳуқуқлари устидан кулиш билан боғлиқ жуда кўп умумий жиҳатлар бор. Лекин бу ҳолда национал-социализмнинг фарқли жиҳати — ўртага тикилган дов миқдорини кескин кўтаришга тайёр эканида. Агар фашизм кўпроқ Италия ва унинг мустамлакаларини қайта тузишга қаратилган миллий ҳаракат бўлса, национал-социализм ўзини рейхнинг нацист мафкурачилари томонидан норасо ирқлар деб белгиланган душманларини қиришни мақсад қилган глобал лойиҳа сифатида кўрилган. Бу генезис ва деталлардаги ягона фарқ эмас, лекин бу асосий фарқ. Национал-социалистлар — энг максимал даражадаги фашистлар. Нацизм таълимоти маълум бир миллат бошқаларга нисбатан зўрроқ эканини иддао қилади ва у норасо миллат деб ҳисобланувчи миллатларни йўқ қилишга интилади. Лекин бошқа миллатларга нисбатан ҳар қандай нафрат нацизм бўладими? Чунки баъзан бундай нафрат бирор мафкуравий таълимотларга эмас, муайян бир давлатнинг хатти-ҳаракатларига асосланган бўлади.

Ҳаволалар

Манбалар