Нав назорати — навнинг хақиқийлигини белгилаш ҳамда уруғлик экинларининг нав тозалигини аниқлаш. Уруғлик экинларини апробация қилиш ва апробациянинг тўғрилигини экилган уруғлик тўпларидан олинган намуналарни грунт нав таҳлили усулида текшириш йўли билан амалга оширилади. Нав назоратида уруғлик фонди ҳужжатлари рўйхатга олинади ва расмийлаштирилади, уруғчиликдаги уруғлик экинлар нав софлигини сақлашга қаратилган барча қоидаларга риоя қилинади. Экилган уруғлик фонди грунт нав таҳлили 1926-йилдан, республика уруғлик пахта ст-яларида эса 1935-йилдан ўтказилади. Навнинг хақиқийлигини белгилашда ўсимликларнинг морфологик белгилари навнинг расмий белгилари билан солиштирилади. Навнинг софлигини аниклаш бўйича ўтказиладиган апробация ва грунт тахлиллари ҳар бир экин ёки бир гуруҳ экинлар бўйича махсус услубиятлар асосида амалга оширилади.

Расмийлаштирилган элита уруғларининг нав софлиги элитауруғчилик хўжаликларида ўтказиладиган элита синови тажрибаларида биринчи репродуксия бўйича қўшимча равишда назорат қилинади. Селексия муассасаларининг давлат нав синовига топширишга мўлжалланган янги навлари нав софлиги Республика "Ўздавуруғназорат" маркази уруғчилик ва уруғшунослик ст-ясида аникланади.

Патент билан ҳимоя қилинадиган навларнинг нав софлигини таъминлаш оригинаторлар зиммасида, уларнинг Нав назоратини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссияси амалга оширади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил