Наво (форсча: نوا‎‎ – куй, оҳанг) – ўн икки мақом тизими ҳамда шашмақом таркибидаги учинчи мақом.

Шашмақомдаги Навонинг чолғу қисмлари Таснифи Наво, Таржеи Наво, Гардуни Наво, Нағмаи Орази Наво, Муҳаммаси Наво, Муҳаммаси Баёт, Муҳаммаси Ҳусайний, Сақили Наво деб аталади. Улар муайян куй мавзулари ва доира усуллари негизида яратилган. Навонинг ашула бўлими 2 гуруҳ шўбаларга бўлинади. Биринчи – Сарахбори Наво (2 таронаси билан), Талқини Баёт (таронаси билан), Насри Баёт (2 таронаси билан), Орази Наво (3 таронаси билан), Ҳусайний Наво деб номланувчи шўбалар ҳамда Уфари Баёт (Супориши билан) қисмларидан ташкил топади. Улар навбатма-н-вбат туркум тарзида турли доира усулларида айтилади. Иккинчи гуруҳ шўбалар – Савти Наво, Мўғулчаи Наво ва Мустазоди Наво деб юритилади. Уларнинг ҳар бири Талқинча, Қашқарча, Соқийнома ва Уфар каби шохобчалардан тузилган. Наво шўбалар шакли анча мураккаб бўлиб, даромад, миёнхат, дунаср, авж ва туширим тузилмаларидан ташкил топади. Навонинг шўбаларида, асосан, Ораз ва Бает намудларидан авж сифатида фойдаланилган.

Наво мақомининг кўп ашула (маё, Баёт шўбалари асосида яратилган Баёт – 1, 2, 3, 4, 5) ва чолғу (сурнай, танбур, дутор) йўллари мавжуд. Р. Глиэр, Т. Содиқов („Лайли ва Мажнун“ операси), А. Козловский („Улуғбек“ операси ва бошқалар), М. Бурҳонов („Алишер Навоийга қасида“), М. Ашрафий („Дилором“ операси), М. Маҳмудов („Наво“ симфонияси) ва бошқа композиторлар Наво йўлларидан унумли фойдаланишган. Наво атамаси ва шу номли мумтоз мусиқа асарлари тожик, туркман, уйғур, эрон, озарбайжон, араб, турк халқлари мусиқа меросида кенг ўрин олган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар