Наво (нова) — ярим ёй шаклидаги безак тури; шифт билан девор оралиғидаги қайрилма эгик шаклли ҳошия безак. Миллий меъморликда биноларнинг ички ва ташқи қисмини безашда ишлатилади. Замонавий биноларнинг ташқи қисмида том билан девор оралиғида бўртиб чиқиб (деворга оқиб тушадиган сувни тўсиб) туради ва бинога салобатли кўриниш беради. Н. безаги ганч, ёғоч, мармар ва бошқалардан тайёрланиши мумкин. Ус т а Ширин Муродовнинг ганчли ажойиб Н. намуналари Тошкент шаҳридаги кўпгина бинолар (Навоий театри, Тошкент куранти ва бошқалар)ни безаб турибди. Халқ усталаридан Т. Арслонқулов, М. Усмонов, Ш. Ғафуров, Ж. Ҳакимов, С. Норқўзиев, О. Файзуллаев ва бошқа нақшли ганч, ёғоч Н.ларни кенг қўллаган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил