Навоий тумани — аввалига Бухоро области, кейинчалик Навоий вилояти таркибида 1962—2003-йилларда мавжуд бўлган туман. (1926—1958-йилларда Кармана, 1962-йилдан 2003-йигача Навоий тумани деб аталган. 1980-йилда Навоий туманидан Навбаҳор тумани ажралиб чиққан. 1988-йилда қайта қўшилган, 1992-йилда яна ажралган. 2003-йилда туман номи Кармана тумани деб қайта номланган). 2003-йилда Навоий тумани тугатилган ва унинг ўрнида Кармана тумани ташкил этилган.

1999-йилда Кармана шаҳри Навоий шаҳри таркибига қўшилганлиги муносабати билан, туман маркази Маликработ шаҳарчасига кўчирилган. Навоий тумани Зарафшон дарёсининг чап соҳилида жойлашган. Шимолдан Навбаҳор тумани, ғарбдан Қизилтепа тумани, шаркдан Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани, жанубтан Қашқадарё вилояти билан чегарадош. Майдони 0,95 минг км². Аҳолиси 69,5 минг киши (2003). Туманда 6 қишлоқ фуқаролар йиғини (Дўрмон, Жалойир, Нарпай, Уйрат, Янгиариқ, Ҳазора), 1 шаҳарча (Маликработ) бор.

Табиати. Туман ҳудуди Зарафшон воҳасида жойлашган. Жанубий ҳудудлари адирларга туташиб кетади. Иқлими кескин континентал, ёзи иссиқ, қиши совуқ. Январнинг ўртача температураси 0,4°, июл ойининг ўртача температураси 28,9°. Туман ҳудудидан Зарафшон дарёси оқиб ўтади (65 км масофада). Тупроклари, асосан, маданийлашган ўтлоки, оддий бўз тупроқлар. Табиий ўсимликлардан жийда, шувоқ, оқ ва қора саксовул, жузғун, черкез, қуёнсуяк, сегин, илоқ, янтоқ, cапсазан, етмак, жингил, тол, қамиш, юлғун, ёввойи жийда ва бошқа бор. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, юмронқозиқ, турли хил калтакесаклар, ўргимчаклар, қўшоёқ, типратикан, илонлар, қушлардан лойхўрак, ўрдак, хўжасавдогар, чумчуқ, майна, қарға кабилар учрайди.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар (99,7%); шунингдек, тожик, рус, татар, қозоқ ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км²га 73 киши.

Хўжалиги. Туман асосан, қишлоқ хўжалиги га ихтисослашган. Халқ хўжалигида банд бўлган 25,1 минг аҳолининг асосий қисми қишлоқ хўжалигида ишлайди. Маликработ шаҳарчасида мева-сабзавот консервалаш сехи (қуввати 3 млн. т шартли банка) мавжуд. Навоий туманида 740 га яқин кичик, 55 қўшма, 10 ширкат корхоналари, паррандачилик фабрикаси фаолият кўрсатмоқда. Туман ер фонди 94,9 минг га, шундан 22,5 минг га ер суғорилади, 16,7 минг га экинзор, 27,7 минг га қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган ерлар, 469 га боғ, 390 га токзор, 264 га тутзорлар, 735 га бўз ерлар, 45 минг га яйлов, 2 минг га томорка ерлари, 762 га боғ ва сабзавотчилик уюшмалари ерлари, 720 га мелиоратив ерлар мавжуд. Навоий туманида 8 ширкат хўжалиги, 2 агрофирма, 2 та фермер уюшмаси бор. 8,9 минг га ерга пахта, 6,6 минг га ерга бошокли дон, 195 га ерга сабзавот ва полиз экинлари экилади. Экинзорларини суғориш учун сув, асосан, Зарафшон дарёсидан магистрал каналлар ва насос курилмалари ёрдамида олинади. Туман жамоа ва хусусий хўжаликларида 23,7 минг қора-мол, 46,1 минг қўй ва эчки боқилади. Туманда ўрмон хўжалиги бор. Қоракўлчилик, ипакчилик билан ҳам шуғулланилади. Асосий транспорт воситаси — автомобил транспорти. Автомобил йўлларининг уз. 600 км дан зиёд (шундан 98 км республика аҳамиятига молик). Жами автомобил йўлларининг 215 км асфалт билан қопланган. Навоий — Учқудуқ темир йўл туман ҳудудини 11 км масофада кесиб ўтади. Навоий туманида Навоий шаҳар аэропорти жойлашган.

Тумандаги 24 умумий таълим мактабида 17169 ўқувчи таълим олади, 6 қишлоқ маданият уйи, 1 марказий, 24 тармоқ, 1 болалар кутубхонаси (китоб фонди 242139 нусха) фаолият кўрсатмоқда. Марказий касалхона (295 ўрин), 13 амбулатория-поликлиника, 8 дорихона ва бошқа тиббий муассасаларда 125 врач, 517 ўрта тиббий ходим ишлайди (ҳар 10 минг аҳолига 16,1 врач, 69,9 тиббий ҳамшира, 9,3 даволаниш жойи тўғри келади). 1931-йилдан „Навоий овози“ газ. чоп этилади (адади 710 нусха).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил