Нефтни қайта ишлаш - Нефтдан нефт маҳсулотлари (бензин, керосин, дизел ёқилғиси, мазут, мой, битум, гудрон, парафин ва бошқалар) олишда қўлланадиган технологик усуллар мажмуи. Нефтни қайта ишлашдан аввал нефт таркибидаги сув, туз ва механик аралашмалар тозаланади, кейин уни стабиллаштириш, юқори ҳароратда буғлатиб ҳайдаш, дистиллятларни тозалаш, қўшимчалар қўшиш ва бошқалар бажарилади.

Нефтни ҳайдаш

Нефтни ҳайдаш усули милоддан аввал маълум эди. Бу усул нефтдан дори-дармон тайёрлаш мақсадида қўлланган. Қадимги юнон табиби Кассий Феликс ва Абу Али ибн Сино нефтни ҳайдашга оид тажрибалар ўтказишган. Хоразм географи Бакрон (ХИИИ аср) Боку нефтини ҳайдаш ҳақида биринчи бўлиб эслатиб ўтади. ХВИИИ асрга келиб нефт конларини қидириш ва ўрганиш муносабати билан нефтни ҳайдашга катта эътибор берилди. Нефтни ҳайдаш лабораторалари қурилди. 1823-йилда ака-ука Дубининлар Моздок шаҳри яқинида даврий ишлайдиган нефтни ҳайдаш заводини қурдилар. Улар кубга қуйилган 40 челак нефтдан 16 челак ҳайдалган нефт олганлар. Шу тариқа нефтни ҳайдаш заводлари тараққий эта бошлади.

Нефтни ҳайдаш усуллари

Одатда нефтдан қуйидага температуралар оралиғида қайнаб буғланадиган дистиллятлар олинади:

Нефтни қайта ишлаб ёнилғи ва мойлар олишда уни тўғри ҳайдаш бирламчи ва асосий жараён ҳисобланади (схема). Тўғри ҳайдаш печ қувурларида ҳаракатда бўлган нефтни қаттиқ қиздириб буғлатиш, буғни ректификация устуни (колоннаси)да фраксияларга бўлиш йўли билан амалга оширилади. Қувурли печларда нефт 330—350° гача қиздирилиб, кейин ректификация устунининг ўрта қисмига юборилади. Нефтнинг суюқ қолдиқлари устуннинг деворларидан пастга сизиб тушади, енгил углеводород буғлари эса устуннинг тепа қисмига қараб интилади ва ректификация тарелкаларига урилиб, конденсатга (суюқликка) айланади. Тарелкалар устуннинг ҳар хил баландликларида жойлашган бўлиб, пастки тарелкаларда оғир углеводородлар, юқорироқдаги тарелкаларда енгилроқ углеводородлар конденсатга айланади.

Нефтни тўғри ҳайдашда ректификация устунларидаги босим атмосфера босимига тенг бўлади. Ректификация устунининг тагида йиғилган мазут крекинг қурилмаларида қайта ҳайдалиши ёки ёқилғи мазути сифатида ишлатилиши мумкин. Мазутларнинг иккиламчи қайта ишланиши вакуум қурилмаларида бажарилади. Вакуум устунларининг юқори қисмидан соляр фракиялари конденсатлари, қуйироқда мой фраксиялари, устуннинг пастки қисмида эса гудрон ёки ярим гудрон йиғилади.

Сув ва тузларни йўқотиш

Нефт таркибида, одатда, минераллашган бурғи суви, сувли 1 м3 нефтда 30-50 г гача туз бўлади. Уларни йўқотиш учун Нефтни қайта ишлаш заводларида электр ёрдамида тузсизлантириш қурилмалари ишлатилади. Нефтга деэмулгатор қўшилиб, чучук сув билан ювилади. Ҳосил бўлган эмулсияни 100—140° гача қиздирилади ва узлуксиз ишлайдиган электр дегидраторига узатилади. Юқори кучланишли электр майдони, деэмулгатор ва қиздириш таъсирида эмулсия тезда парчаланади, сув ва унда эриган тузлар чо'кади ва чиқариб ташланади. Сув ва тузлардан тозаланган нефт таркибида 0,2% гача сув ва 0,5 мг/л гача хлоридлар (тузлар) бо'лади.

Нефтни стабиллаш

Нефт таркибида углеводородларнинг бутан пропанли, қисман пентанли фраксиялари бо'лади. Нефтни ташиш ва сақлашда энг зарур углеводородларнинг йўқолишини камайтириш, нефтни ҳайдаш қурилмасига келаётган нефт буг'лари босимини бир хил тутиб туриш учун бу фраксиялар кетказилади. Бу иш сувсизлантириш ва тузсизлантириш қурилмалари билан бирга қурилган комплекс ёки махсус қурилмаларда бажарилади. Стабиллаш натижасида ажратиб олинган пропанбутан фраксияси нефт-кимё саноати учун муҳим хом ашё ҳисобланади.

Нефт идишга қуйилиб қиздирилганда, унинг ҳарорати ко'тарилади ва бир қисми ҳатто 30—40° даёқ буғланиб ҳавога кўтарила бошлайди. Нисбатан паст температураларда буғланган углеводородлар нефтнинг енгил қисми (фраксияси), идишда қолган углеводородлар нефтнинг оғирроқ қисми ҳисобланади. Буғланган нефт совитилса, у яна суюқ ҳолатга ўтади. Нефтни буғлатиб, кейин буғланган углеводородларни суюқликка айлантириш жараёни нефтни тўғри қайдаш деб, олинган маҳсулот дистиллят деб аталади.

Нефтни тозалаш

Нефт маҳсулотларининг сифатини яхшилаш мақсадида олинган дистиллятлар тозаланади. Дистиллятларни олтингугурт, азот, кислород ва тўйинмаган углеводородлардан тозалаш учун гидротозалаш жараёни қўлланади. Гидротозалаш 350—420° да ва 1,7 — 40 МПа босимда катализатор ёрдамида амалга оширилади. Гидротозалаш, асосан, дизел ёнилғиси ва мой дистиллятларини олтингугуртдан тозалашда ва айрим дистиллятларни иккиламчи жараёнга тайёрлашда ишлатилади.

Ёнилғи дистиллятларидаги кислород ва олтингугуртли бирикмаларни йўқотишда ишқор билан тозалаш усули ҳам қўлланади. Бу жараёнда тозаланаётган маҳсулотга ишқор ва сув қўшилиб, ҳосил бўлган бирикмани маҳсулотдан ажратиб олинади.

Ёнилғи ва мой дистиллятларининг совуқ пайтда қотиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида улар парафинсизлантирилади. Бунда тез қуюқлашадиган парафин углеводород дистиллятлардан ажратиб олинади.

Нефтни тўғри ҳайдалганда ажралиб чиққан бензин, керосин ва дизел ёнилғиси фраксияларининг жами улуши нефт ҳажмининг 40—50 % идан ошмайди. Ёнилғиларни ажратиб олиш улушини ошириш ва уларнинг сифат даражасини янада кўтариш мақсадида нефтни кимёвий қайта ишлаш, яъни иккиламчи жараёнлар қўлланади. Улар орасида крекинг жараёни — углеводородларни парчалаш жараёни кенг тарқалган. Бензинларнинг детонацияга турғунлигини ошириш мақсадида углеводородларни алкиллаш ва изомерлаш жараенлари ҳам қўлланиши мумкин.

Нефт маҳсулотларининг сифатини яхшилаш учун қўшимчалар қўшилади.

Эҳсон Умаров.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил