Некроз (юн. некросис – ўлиш) – 1) тирик организмдаги ҳужайра, тўқима, бутун аъзо ёки унинг бир қисми нобуд бўлиши. Кимёвий ёки физик таъсирлар (ҳарорат, электр токи, кучли кислота ёки ишқорлар, нур энергияси ва бошқалар), шикастланиш, токсинлар (бакте-риал инфексияларда) сабаб бўлади. Кўпчилик ҳолларда маҳаллий қон айланишининг (тромб, эмболия, инфаркт, гангрена), шунингдек, тўқималар иннервациясининг бузилиши некроз учун қулай шароит туғдиради. Некрозда ўзига хос ўзгаришлар ҳужайралар (ядро ва ситоплазма буришиб қолади) ва ҳужайралараро моддада кузатилади. Некроз атрофи ажралиб тушади (ҳужайра ядроси ва ситоплазмаси бужмаяди) ёки йиринглаб ирийди; ҳужайра кемтиги ўрнида чандиқ пайдо бўлади. Некрознинг қуруқ ёки коагуляцион (ўлган ҳужайра қурийди), ҳўл ёки колликвацион (нобуд бўлган ҳужайра ирийди) хили ажратилади. Организмнинг бирор ерида некроз вужудга келиши унинг умумий ҳолатига нохуш таъсир кўрсатади. Тана юзасидаги тўқималар некрозга учраб ириганда, аксари уларда патоген микроблар кўпаяди. Шунинг учун ириган тўқималар жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.

Ўсимликларда тўқима ёки органлар айрим қисмларининг нобуд бўлишига ноқулай физик, механик (музлаш, куйиш, шикастланиш ва бошқалар) ва кимёвий таъсиротлар (ўсимликларни пуркалган ёки чангитилган препаратлардан куйиши) ёки микроорганизмлар билан касалланиш (барглардаги бактериал ва замбуруғли доғлар ва бошқалар) сабаб бўлади. Некроз маҳаллий, шунингдек, ўсимликнинг умумий касалланишидан пайдо бўлиши мумкин. Ғўза баргларидаги некрозни патоген замбуруғ (макроспориоз ва вилт) ёки бактериялар (гоммоз) вужудга келтиради.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил