Неогегелчилик (нео... ва гегелчилик) — фалсафий оқим. ХИХ асрохири ва ХХ аср бошларида Германияда шаклланиб, кейин бошқа мамлакатларга тарқалган. Неогегелчилар Гегел таълимотини янгича изохлаб, шу асосда бир бутун дунёқарашни яратишга уриндилар. Н. марказида тарих ва маданият, давлат, ҳуқуқ фалсафаси масалалари ётади; диалектик метод тафовутларнинг эклектик синтези, қарама-қаршиликларни муросага келтирувчи омил сифатида талқин этилади. Н. турли мамла-катларда турлича шаклда намоён бўлди. Н.нинг намояндалари: Ж. Х. Стирлинг, Э. Керд, Ф. Бредли, Б. Бозанкет, Ж. Э. МакТаггарт, Р. Коллингвуд (Буюк Британия), Г. Болланд (Нидерландия), Б. Кроче, Ж. Жентиле (Италия), В. Дил-тей, Р. Кронер (Германия), И. А. Илин (Россия), Ж. Вал, А. Кожев (Франсия). Халқаро "Гегелчилар иттифоқи" тузилиб (1930; маркази Нидерландия), Гаагада (1930), Берлинда (1931), Римда (1934) конгресслари бўлган. 1930-йиллар ўртасида мустақил фалсафий оқим сифатида барҳам топди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин "Гегелчилар иттифоқи"ни қайта тиклашга уринишлар ҳеч қандай самара бермади. Аммо Н.нинг баъзи ғоялари ҳозирги замон файласуфларининг қарашларида баъзан кўзга ташланиб туради.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил