Нерв анатомияси

Нерв, нервлар (юн. неурон — тола, ип), асаб — мураккаб анатомик тузилма. Бош мия, орқа мия ва нерв тугунларини гавданинг бошқа аъзо ва тўқималари билан боғлайди; асосан, нерв толалари тутам ипдан иборат. Бу толалар бириктирувчи тўқималар пардаси билан қопланган. Одам ва умуртқали ҳайвонларда бош миядан боги мия нервлари, орқа миядан эса орқа мия нервлари чиқади. Бир нечта Нервлар нерв чигалини ҳосил қилиши мумкин. Марказга интилувчи ёки сезувчи ва марказдан қочувчи ёки ҳаракатланувчи Нерв толалар фарқ қилинади. Марказга интилувчи толалар орқали мияга импулслар йўналади, марказдан қочувчи толалар эса скелет мускулларига импулслар ўтказади; ички аъзоларга вегетатив (симпатик ва парасимпатик) толалар келади. Маълум соҳаларда сезувчи Нерв толалари юзага (тери ости ва шиллиқ пардаларга) чиқади. Нерв толаларининг чиқиш жойини аниқ, билиш игна санчиб даволашда муҳим аҳамиятга эга. Нервлар зарарланганда сезувчанлик бузилади ёки оғриқ пайдо бўлади, шикастланган Нерв толалари борадиган мускуллар фалажланади. Тўқималарда моддалар алмашинувини бошқариб турадиган трофик импулслар Нерв орқали ўтади. Шу сабабдан Нерв шикастланганда ёки касалланганда терида яра пайдо бўлади, бўғимлар деформацияланади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил