Ниамей — Нигер пойтахти. Мамлакатнинг муҳим сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази. Ниамей департаментининг маъмурий маркази. Ниамей шаҳрининг умумий майдони 239,30 кмни ташкил этади. Нигер дарёси соҳилида, 163 м баландликда жойлашган. Иқлими субекваториал иқлим, ўртача йиллик температура 25°. Йилига 350 мм ёғин ёғади. Аҳолиси 1 058 847 миллион киши (2012).

ХИХ аср охирларида Ниамей ўрнида қишлоқ бўлган. 1926-йилда Нигер франсуз мустамлакасининг маъмурий маркази Зиндер шаҳридан Ниамейга кўчирилган. 1960-йил августдан Нигер Республикаси пойтахти.

Муҳим транспорт йўллари тугуни, Нигер дарёсидаги пристан. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Қишлоқ хўжалиги раённинг савдо маркази. Тўқимачилик фабрикаси, озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Қурилиш материаллари, мебел, қишлоқ хўжалиги анжомлари ишлаб чиқарилади. Ҳунармандчилик ривожланган (кулолчилик буюмлари, тери, кумуш, олтин ва ёғочдан турли буюмлар тайёрланади). Иссиқлик электр стансияси ишлаб турибди. Президент саройи, меҳмонхоналар, университет (1973), Соғлиқни сақлаш миллий мактаби, Геология ва кончилик ишлари бўйича бюро, тропик ўрмончилик техника маркази, қишлоқ хўжалиги институти каби илмий муассасалар, миллий музей бор.