Nikolay Gogol
Николай Василевич Гогол [1809.20.3(1.4), Полтава губерняси, Миргород уезди — 1852.21.2 (4.3), Москва] — рус ёзувчиси. Рус адабиётида танқидий реализмга асос солган. Нежин гимназиясини тугатиб (1828), Петербургга келган. Рассомлик қилган, драма тўгаракларида фаол қатнашган, айрим юмористик ролларни ижро этиб, бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. В. Алов тахаллуси билан ёзилган "Ганс Кюхелгартен" романтик достони (1829) салбий бахрлангач, чет элга кетган. Германиянинг Любек, Гамбург ш.ларида бўлган. Петербургга қайтиб, давлат маҳкамаларида хизмат қилади. Маҳкамалардаги қоғозбозлик, сансалорлик каби иллатлар Гогол учун бой мавзу бўлди ("Петербург қиссалари, 1830). А.С. Пушкин билан учрашуви (1831) Гогол ижодида бурилиш ясади. "Диканка қишлоғи оқшомлари" (1831—32) тўпламига кирган ҳикоя ва қиссалари ("Сорочино ярмаркаси", "Даҳшатли қасос" ва б.) Гоголга шуҳрат келтирди. Бунда Малороссиядаги турмуш тарзи, одамлар онги, ахлоқи, халқнинг юморга бой афсоналари, урф-одатлари акс эттирилган. Гогол Санкт-Петербург университети умумтарих кафедрасида проф. бўлиб ишлади (1834), бу унга тарих билан чуқурроқ танишиш имконини берди. "Миргород" ("Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти", "Вий" ва б. қиссалар) тўплами ҳамда "Арабескалар" ("Нева шоҳ кўчаси", "Портрет", "Тентак мактублари" қиссалари) тўпламида (1835) шаҳар ҳаёти манзаралари "кўздан ёш чиққунча" кулги қўзғатадиган усулда тасвирланади. "Тарас Булба" (1835) қиссаси украин халқининг чет эл босқинчиларига қарши курашига бағишланган. Гогол 30-йиллар 1-ярмида "3даражали Владимир" (тугалланмаган), "Уйланиш" (1842-йилда нашр этилди) комедиялари устида ишлади. "Ревизор" (1836) комедиясида Россиядаги мансабпарастлик, хазинани талон-торож қилиш, порахўрлик ва б. ҳажв остига олинган. Гогол ижодининг чўққиси бўлган "Ўлик жонлар" (1842) достон-романида Россиядаги ўша давр ҳаётига умумий тавсиф берилган.
| Николай Гогол |
|---|
Гогол ўз дунёқарашида содир бўлган ахлоқпарастлик гоялари таъсирида "Дўстлар билан ёзишмалардан танланган саҳифалар" (1847) асарини эълон қилади. Мазкур асар В. Гогол Белинский томонидан танқидга учрайди ("Н.В. Гоголга хат").
Гогол нинг "Ревизор" (1935—52, Кибриё Қаҳҳорова ва Абдулла Қаҳҳор таржимаси), "Иван Иванович ва Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти" (1972, Н. Алимуҳамедов таржимаси), "Ўлик жонлар" (1959, Рустам Абдураҳмонов таржимаси) ва бошқа асарлари ўзбек тилида нашр этилган. "Ревизор", "Уйланиш" песалари Ўзбекистон театрлари саҳнасида қўйилган.
Озод Шарафиддинов.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |