Николай Петрович Леушин (1907.16.5, Самара вилояти — 1986-йил, 4-июл, Тошкент) — график рассом, плакат ва карикатура устаси. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1968). Ижодини 1925-йил Владивостокда бошлаган. 1953-йилдан Ўзбекистонда "Муштум" журналда рассом (1953—58), бош рассом (1958—66), Ўзбекистон матбуот давлат қўмитаси бош рассоми (1966—70). Л. асарлари композицияси аниқ ва лўнда, тасвирий шакл содда ва яхлит бўлиб, ижтимоий, ахлоқий, хўжалик ва ҳаётдаги бошқа нуқсонларни фош этишга, тинчлик ва халқлар дўстлиги душманлари сиёсатини қоралашга қаратилган. Асарлари "Муштум" журнал ("40 зарба", 1963) ва бошқа вақтли матбуотда, "Жанговар қалам" агитплакатида босилган. Китобларни бадиий безаган (Нишотийнинг "Ҳусну Дил" достони), Муқимий шеърларига расмлар (1968, Навоий номидаги Адабиёт музейида) ишлаган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил