Николай Петрович Остроумов (1846-йил 15-ноябр, Тамбов губернияси – 1930-йил 17-ноябр, Тошкент) – Рус шарқшунос олими, тарихчиси ва этнографи. Туркистоннинг илк тадқиқотчиларидан бири. Қайнотаси профессор Николай Гуревич Маллицкий. Исломшуносликка оид қатор асарлар муаллифи.

Николай Остроумов
Таваллуди 15-ноябр 1846-йил
Сасово, Россия империяси
Вафоти 17-ноябр 1930-йил
Тошкент, ЎзССР, СССР

Биографияси

Николай Петрович 1846-йил 15-ноябрда Тамбов вилояти, Елатомский тумани, Сасово қишлоғида руҳонийлар оиласида таваллуд топган. 1860–1866-йилларда Тамбов семинариясида, сўнгра 1866–1870 йилларда Қозон диний академиясида таҳсил олган. У ерда „миссионерлик мақсадида“ туркий ва араб тиллари ва ислом динини ўрганган. Академияда Н. И. Илминский ва Г. С. Саблуковлар унинг устозлари бўлган[1].

1871-йилда академияни магистрлик даражаси билан тамомлаган. Николай Қозон семинариясида ислом тарихи ва таълимотидан, шунингдек, татар ва араб тилларидан дарс берган.

Тошкентдаги ҳаёт даври

Николай Петрович 1877-йилда устози Илминскийнинг илтимосига кўра Тошкентга келган ва Туркистон ўлкаси халқ мактаблари инспектори лавозимига тайинланган. 1879-йилдан Туркистон ўқитувчилар семинарияси, 1883-йилдан Тошкент эркаклар гимназияси директори лавозимларида фаолият олиб борган.

Остроумов 1883–1917-йилларда Тошкентда чиқадиган „Туркистон вилоятининг газети“нинг муҳаррири бўлган. Унинг иштирокида А. С. Пушкин („Балиқчи ва балиқ ҳақидаги эртак“), Л. Н. Толстой („Одамлар қандай яшайди“) асарлари, „Қадимги Мисрнинг қисқача тарихи“, „Колумб ҳаёти“ рисолалари яратилган, „Илмнинг афзалликлари ҳақида“, „Жисмоний географиядан ҳикоялар“, „Дунёнинг барча қисмларининг географик харитаси“ ва бошқа китоблар ўзбек тилида нашр этилган. Маҳаллий муаллифлар, жумладан, шоир Фурқат, тарихчи олим Сатторхон Абдуғаффоров, хайрихоҳ Мирзо Бухорийнинг мақолалари рус тилига таржима қилинган ва нашр этилган[2].

Осртоумов Октябр инқилобидан сўнг совет идораларида ишлаган. Ўлкашуносликка оид кўпгина илмий асарлар муаллифи. Ўзбекистон халқининг ҳаёти ва турмуш шароитини яхши билган. Николаевнинг айрим асарлари Тошкент шаҳрига бағишланган. Масалан: „Тошкентдан Самарқандгача“, „Тошкент шаҳрининг сўнгги Шайхулисломи ва қози-калони ака-ука Ойхўжа ва Ҳакимхўжалар“. 1915-йилдан Тошкент ҳудудида археологик кузатишлар олиб борган (собиқ Никифоров ерларида, Шоҳнишинтепа ва бошқалар). Туркистон археология ҳаваскорлари тўгарагининг ташкилотчиларидан ва фаол аъзоларидан бўлган. Шу билан бирга Остроумов монархизм ва православ миссионерлиги руҳида тарбияланган бўлиб, Россия империяси таркибида яшаган халқларни руслаштириш сиёсати тарафдори бўлган. Николай Остроумов ўзбек жадидлари томонидан ташкил этилган кўплаб газета ва матбуот нашрларидан хавотирга тушиб, оқ подшога билдиришнома ёзиб Туркистон жадидлари томонидан ташкил этилган газета ва матбуот нашриётларини ёпдиришни талаб қилган ва бунга эришган. Остроумовнинг ушбу уринишлари натижасида ўзбек жадидларига тегишли „Тараққий“, „Хуршид“, „Шуҳрат“, „Осиё рўзномалари“ газеталари ёпдирилиб юборилган[3].

Николай Петрович 1907-йилда Маҳтимқулининг шеърлар тўпламини ва Муқимийнинг „Девони“ дан парчаларни нашр этган. 1910-йилда унинг „Сартов тилининг этимологияси“ асари нашр этган[4].

1885-йилдан 1886-йилгача Британия Библия Жамияти номидан Евангелиянинг тўртта китобини ўзбек тилига таржима қилган, кейинчалик улар 1891-йилда Леипзигда нашр этилган.

Остроумов 1893-йилда очилган Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги асосчиларидан бири бўлган. 1904-йил май ойида Марказий ва Шарқий Осиёни ўрганиш бўйича Россия қўмитасининг мухбир аъзоси бўлган[5].

1917–1921-йилларда ўзи туғилиб ўсган Сасово қишлоғида яшаган ҳамда 1921-йилдан кейин Тошкентда дарс берган[6].

Николай 1930-йил 17-ноябрда Тошкент яқинидаги Луначарское қишлоғида вафот этган ва Тошкентдаги Боткин қабристонига дафн этилган.

Манбалар

  1. ↑ „Просмотр документа - длиб.рсл.ру“. длиб.рсл.ру. Қаралди: 2023-йил 29-ноябр.
  2. ↑ Остроумов Н.П.. Сарты. Этнографические материалы, Ташкент, 1896. 
  3. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  4. ↑ Помощ при переводе Евангелия на узбекский язик эму оказивал местний жител по имени Саттархан.
  5. ↑ В тот момент условно називаэмиэ „Евангелиэ на язик сартов“
  6. ↑ В настоящээ время – северо-восточная част Ташкента