Nikolay Zaprometov
Запрометов Николай Георгиевич (25-декабр 1893-йил, Тошкент – 1983-йил, Москва) – совет микологи, ўсимликлар патологи ва энтомологи, Ўрта Осиёда фитопатология фанининг асосчиларидан бири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори (1943), Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1950)[1].
| Николай Запрометов | |
|---|---|
| Таваллуди |
25-декабр 1893-йил Тошкент |
| Вафоти |
1-апрел 1983-йил Москва |
| Фуқаролиги |
|
| Илмий даражаси | фан доктори |
| Мукофотлари |
|
Боиграфияси
Николай Георгиевич 1893-йил 25-декабрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У Петроград давлат университетининг физика-математика факултетида таҳсил олган. Институтни 1916-йилда тугатиб, биринчи тоифали табиий фанлар номзоди унвонига сазовор бўлган. 1914-йилдан бошлаб Х. Й. Гоби бошчилигидаги криптогамик лабораторияда фаолият олиб борган[2].
Запрометов дастлаб Туркистон энтомология стансиясида кичик илмий ходим бўлиб ишлаган. 1916–1929-йилларда Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш тажриба стансиясининг фитопатология бўлимини бошқарган. Николай Георгиевич 1929–1931-йилларда СоюзНИХИ (Пахта институти) ўсимликларни ҳимоя қилиш стансияси директорининг ўринбосари вазифасида фаолият олиб борган. Туркистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги халқ комиссарлиги қўриқлаш бўлими бошлиғи лавозимида ҳам ишлаган. Запрометов 1918–1929-йилларда Туркистон халқ университети қишлоқ хўжалиги факултети деканининг ўринбосари бўлган. Кейинчалик, Ўрта Осиё давлат университетининг ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедрасини ҳам бошқарган[3].
Николай 1929-йилда профессор унвонини олган. 1931–1943-йилларда Тошкентнинг бир қанча институтларида дарс берган. Жумладан, 1934–1935-йилларда Ўрта Осиё олий қишлоқ хўжалиги билим юртида, 1934–1946-йилларда Ўрта Осиё ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича агрономлар малакасини ошириш курсларида фитопатология курсидан дарс берган. Запрометов 1943-йилда қишлоқ хўжалиги фанлари доктори илмий даражасини олган, шунингдек, Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида фитопатология кафедраси мудири бўлиб ишлаган.
Профессор Николай узум касалликларини (хусусан, оидиумга қарши кураш усулларини), ғўза, тут ва Туркистон паразит замбуруғларининг систематикасини ўрганган. 1950-йилда Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби унвони билан тақдирланган.
Николай Ўзбекистонда фитопатология ва микрология мактабларининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Илмий ишлари, асосан, микрофлора, зарарли фитопатологик микроорганизмларнинг морфологияси, биологик системаси, систематикасига ҳамда маданий ўсимликларнинг, жумладан, ғозанинг замбуруғли, бактерияли касалликларига қарши кураш муаммолари мавзусига бағишланган.
Унинг кўплаб шогирдлари орасидан машҳур олимлар етишиб чиққан бўлиб, уларнинг ютуқлари мамлакатимиз ва жаҳон илм-фанини бойитган.
1983-йил 1-апрелда Москва шаҳрида вафот этган.
Мукофотлари
Фан доктори Николай Георгиевич "Ленин" ордени, "Меҳнат қизил байроқ" ордени, "Октябр Инқилоби" ордени ҳамда „Ҳурмат Белгиси“ ордени билан тақдирланган.
Манбалар
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ „Запрометов, Николай Георгиевич - Болезни коробочек и волокна хлопчатника“. Қаралди: 2023-йил 28-ноябр.
- ↑ „Запрометов Николай Георгиевич 1893 Фитопатолог.“. Қаралди: 2023-йил 28-ноябр.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Олим ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |