Нимкорлик (форс-тожик — ярим ва иш) — хусусий эгаликда бўлган ерни ижарага олиб фойдаланиш шакли. Нимкорликда кам ерли ёки от-улови етишмайдиган деҳқон олган ҳосилининг ярмини бериш шарти билан ерга экин эккан. Нимкорликда ер эгаси деҳқонга от-улов, уруғлик берган, айрим ҳолларда унинг оиласига иш вақтида яшаш учун турар жой ҳам ажратган. Хўжалик йили тугагач, ҳосилнинг ярмини деҳқон, қолган ярмини эса ер эгаси ўзаро тенг бўлиб олган. Нимкорлик Ўрта Осиёда ХХ асрнинг 20-йилларига қадар мавжуд бўлган.

1921–1929-йиллардаги Ўрта Осиё ва Қозоғистонда ўтказилган ер-сув ислоҳотлари натижасида нимкорлик барҳам топди (қаранг Ўрта Осиёда ер-сув ислоҳоти)[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил