Nizomulmulk
Низомулмулк (1017-йил, Туе – 1092-йил, Наҳованд) – Салжуқийлар давлати арбоби Абу Али ал-Ҳасан ибн Али ибн Ишоқ ат-Тусийнинг унвони, „Низомулмулк“, яъни мулкнинг низоми, тартиби номи билан шуҳрат қозонган. Нишопур ва Марвда ўқиб, вояга етгач, Балхга бориб, Али ибн Шодон хизматига киради. Кейинчалик у Довуд ибн Микоилга дабир бўлади. Салжуқийлар шоҳи Алп Арслон саройида вазирлик мансабигача кўтарилади. 1072-йил Алп Арслон ўлдирилгач, унинг ўғли, 17 ёшлик Маликшоҳ (1072–1092-йиллар) саройида Низомулмулк вазирлик қилиб, қарийб давлатнинг ҳамма ишларини ўзи олиб борган. Маликшох уни ўз ҳомийси – отабек деб атаган. Низомулмулк мамлакатда йирик мулкдорлар ва қабила бошлиқларининг айирмачилик (сепаратистик) ҳаракатларига қарши курашиб, давлатни бошқариш ишларини марказлаштириш сиёсатини ўтказган. 1067-йил Бағдодда „Низомийя“ ақоид ва ҳуқуқ мадрасасини қурдиради. 1091-йил „Сиёсатнома“ („Сияр ул-мулук“) асарини ёзади. Унда давлат бошқарувига алоқадор қарийб ҳамма қоида ва қонунлар, усул ва воситалар, қози ва қозихона ишлари, қўшин ва сарбозлар, хизматчи ва шахсий сарбозлар масалалари, саройдаги соқчилару посбонлар вазифалари, уларнинг маошлари, почта ва айғоқчилик (разведка) ишлари, уларнинг моддий жиҳатлари, ҳатто шоҳнинг оилавий ишлари, солиқ ва ҳирож, закот ва вақф масалалари ҳам ўрин олган. Асарнинг асосий ғояси шундан иборатки, вазир Низомулмулк шоҳ ва ҳокимларни адлу инсофга, сулҳ ва мурувватга, давлатни оқилона бошқариб, қатъий қоида ва тартиб ўрнатишга, амалдорларни виждонли, пок, ҳалол ва иймонли бўлишга, мамлакат ободонлиги, унинг аҳли фаровонлиги, тинчлик ва тотувлигини таъминлаш учун ҳаракат қилишга даъват қилади. Низомулмулк Бағдод сафари йўлида ёлланган қотил тиғидан ҳалок бўлади.
Адабиётлар
- Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.
- Низомулмулк, Сиёсатнома ёки Сияр ул-мулук, Тошкент, 1997-йил.
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |