Non sanoati
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |

Нон саноати — озиқ-овқат саноати тармоғи. Ноннинг турли навларини, буханка, булка ва тешиккулча, парҳез, диабетик ва шифобахш нон турларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўзбекистонда новвойлик қадимий тарихга ва бой анъаналарга эга.
Нон деярли ҳар бир оилада тайёрланишига қарамай шаҳарлар ва йирик қишлоқларда йирик новвойхоналар аҳолининг ёпилган нонга бўлган эҳтиёжларини таъминлашда муҳим мавқеда турган. Новвойлик касб-ҳунарнинг бир тури сифатида ривожланган. 1929-йилда Самарқанд ва Тошкент шаҳрида дастлабки нон пиширадиган саноат корхоналари қурилгач, новвойчилик озиқ-овқат саноати тармоғига айланди. Кейинги йилларда Қўқон (1930), Қарши (1936), Термиз (1940), Бухоро (1946), Урганч (1955), Наманган (1961) каби йирик шаҳар ҳамда шаҳарча, туман марказлари, йирик қишлоқларда нон заводлари, новвойхоналар қурилди. Ўзбекистонда Нон саноати европача нон хилларини ишлаб чиқарадиган нон заводлари ва новвойхоналарни қуриш йўналишида ривожланди. 1960—85 йилларда Тошкент, Жиззах, Нукус, Ангрен каби шаҳарларда катта (100 т/сутка) ва ўрта (30 т/сутка) қувватга эга бўлган 15 та нон заводи қурилиб ишга туширилди. Нон саноати корхоналарида миллий нонларни саноат усулида ишлаб чиқариш имкониятини берадиган печлар (Брувер-Салихов, Данко-Семёнов печлари) ўрнатилди. Тошкент, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларидаги нон пишириш корхоналари тубдан қайта қурилди. Замонавий хамир тайёрлов агрегатларининг ўрнатилиши, узлуксиз хамир тақсимловчи тизимлар, ун ва ёрдамчи маҳсулотларни (туз, ха-миртуруш сути, шакар, ёғ) идишсиз сақлаш қурилмаларининг барпо этилиши Нон саноатининг ривожланишига ёрдам берди. Шунингдек, оби нон ишлаб чиқарувчи сехлар йириклаштирилиб, савдо дўконларига эга бўлган янги сехлар қурилди. 1986-йил нон корхоналарининг умумий қуввати 1886,7 т/сутка нон маҳсулотларини ташкил этди (миллий нонлар ҳиссаси 18% бўлди). 1987-йил нон корхоналари Республика Озиқ-овқат саноати вазирлигидан Дон маҳсулотлари вазирлиги тасарруфига ўтказилгач, фирма дўконларига эга бўлган кичик новвойхоналар тизимини ташкил этишга устувор аҳамият берилди. Нон саноати корхоналарида нон, нон-булка, макарон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошлади. 1988-йилда мамлакатда 29 та йирик нон заводлари ишлади.
Республика мустақилликка эришганидан сўнг, айниқса, шаҳар аҳолисини нон билан барқарор таъминлаш мақсадида Нон саноати корхоналарини замонавий ускуналар билан қайта жиҳозлаш, нон турларини кўпайтириш йўналишларида муҳим ишлар амалга оширилди. Даҳа ва гузарларда кичик нон корхоналари ишга туширилди. 1995-йилда "Ўздонмаҳсулот" давлат-аксиядорлик корпорацияси таркибида 4 нон ишлаб чиқариш бирлашмаси (Тошкент, Янгийўл, Фарғона, Қарши), 21 нон заводи ишлади ва бир суткада 1300 т дан зиёд нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. "Ўздонмаҳсулот" тизимида ҳар бири суткада 3 т дан 120 т гача нон ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 200 дан ортиқ нон заводлари ва кичик новвойхоналар фаолият кўрсатади (2003). Уларда дунёдаги энг илғор "Винклер" (Германия) ва "Экмасан" (Туркия) каби фирмаларнинг замонавий жиҳозлари ўрнатилган. Ҳозирги "Тансиқ нон" (Тошкент), "Бухоро нон", "Самарқанд нон", "Нукус нон", "Ризқ" (Андижон), "Қарши нон" аксиядорлик жамиятлари тизимдаги йирик нон заводлари ҳисобланади. Нон ишлаб чиқариш корхоналари фақатгина йирик шаҳарларда эмас, балки қишлоқ жойларида ҳам ривожланган. Айни пайтда "Ўзбекбирлашув" аксиядорлик компанияси таркибида 844 та нон ишлаб чиқариш сехлари, 3 мингга якин тандир (новвойхона) ва кичик корхоналар бор. Улар томонидан бир йилда 160 минг т нон маҳсулотлари тайёрланди (2002). Ўзбекистон Нон саноати корхоналарида 300 хилдан кўпроқ нон ишлаб чиқарилади.
Жаҳонда Италия, Германия, Туркия, АҚСҲ, Хитой ва бошқа мамлакатларда Нон саноати ривожланган. Киши бошига ўртача йиллик нон истеъмол қилиш кўрсат-кичлари Италия, Дания, Германияда 70–82 кг ни, Буюк Британия ва Фран-сияда 42–45 кг ни ташкил этади (2002). Ғофир Мирзаев.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |