Нормурод Нарзуллаев (тахаллуси Нарзий) (1934-йил, 7-июл, Касби тумани) – Ўзбекистон халқ шоири (2000). Ўзбекистонда хизмат курсатган маданият ходими (1984). Охунбобоев номидаги Қарши педагогика билим юрти (1948), Самарқанд педагогика институтининг тил ва адабиёт факултетини тугатган (1956). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари (1974), шу уюшмада котиб (1976—81), „Ёш гвардия“ нашриётида бош муҳаррир (1981), „Камалак“ нашриёт-матбаа бирлашмасининг бош муҳаррири (1991—96), шу нашриёт директори (1996—97). Ўзбекистон Республикаси ёшлари „Камолот“ жамғармасининг „Янги аср авлоди“ нашриёт-матбаа марказида бош муҳаррир (1997-йилдан).

Ижодий фаолияти 1954-йилдан бошланган. Илк шеърий тўплами – „Суюнчи“ (1965). Нормурод „Зарафшон зарлари“ (1970), „Уфкларда кўзларим“ (1973), „Лаҳза ва ларза“ (1973), „Ёғду“ (1974), „Нигоҳлар“ (1976), „Севги сеҳри“ (1981), „Яхшилик деб яшайман“ (1987), „Аник вақт“ (1989), „Қалбим қатралари“ (1994), „Оқ фариштам, оппоқ фариштам“ (1995) ва бошқа шеърий тўпламлар муаллифи. „Амир Темур ҳақида қўшиқ“ асари тарихий мавзуга бағишланган.

Н.нинг болаларга атаб ёзган „Ватан сени эркалаб“ (1966), „Шамол ушлаган бола“ (1985), „Бош майдон“ (1990) асарлари болалар дунёси, уларнинг бегубор олами ҳакида. Н. асарларида замон ва макон бирлиги, дунё ва давр тушунчаси улуғланади, юксак фуқаролик, самимият, бурчга садоқат, ватанга муҳаббат, жонажон ўлка табиатига мафтункорлик туйғулари етакчи ўринни эгаллайди. Нормуроднинг кўп шеърлари қўшиққа айланган. „Шуҳрат“ медали билан мукофотланган (1998).

Манбалар

  • Сайланма [2 ж.ли], 1981—85; Юрт ишқида ёнаман, Т., 1996; Бола кўзи билан кўринг дунёни, Т., 1998; Халқим, сен билан қалбим, Т., 2000.