Википедияда исми Носир бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Носир Мирзо (1487—1512) — темурий ҳукмдор Умаршайх Мирзонинг кенжа ўғли, Бобур Мирзонинг укаси, шунингдек, Косонсой ҳокими. Носир Мирзо Умаршайх Мирзонинг Умид Оғоча исмли рафиқасидан туғилган фарзанди бўлиб, унга Вайс Лоғарий исмли киши бек аткалик қилган[1]. Умаршайх Мирзо ўлган вақтда Носир Мирзо Косонсойда бўлган. Шаҳзода кейинчалик акаси ортидан Кобулга кетади. Бобур Мирзо унга бир қанча вилоятларни бошқариш ишларини топширган. Носир Мирзо акасининг ҳарбий юришларида ҳам иштирок этиб келган. Хусусан, Бангаш ва Банну вилоятларини бўйсундиришда иштирок этган. 1505-йилда Бобурдан юз ўгирган Носир Мирзо Бадахшонга йўл олади ва бадахшонлик маҳаллий беклар ёрдамида ҳокимиятни ўз қўлига олади. Икки йиллик ҳукмронликдан кейин Бадахшон маҳаллий беклари бўлган Муборакшох ва Муҳаммад Кўрчи каби бекларнинг исёни юз беради. Бўлиб ўтган тўқнашувда Носир Мирзо енгилиб, яна акасининг ёнига — Кобулга қайтади. Бобур Мирзо томонидан 1507-йилда амалга оширган Қандаҳор юришида иштирок этган Носир Мирзо у ерга ҳоким этиб тайинланади. Муҳаммад Шайбонийхон Қандаҳорни қамал қилган вақтда Носир Мирзо акаси Жаҳонгир Мирзо ёнига қочиб борган. Бу вақтга келиб Жаҳонгир Мирзо вафот этади ва Бобур Мирзо унинг ўрнига Носир Мирзони ҳоким этиб тайинлаган. 1511-йили яна Самарқанд юриши учун кетган Бобур Мирзо Носир Мирзони Кобулда қолдириб кетган. Бироқ жангларда енгилган Бобур Ҳисор орқали Кобулга қайтиб келади. Кобулни яхши бошқаргани учун укасига миннатдорчилик билдирган Бобур уни Ғазнага қайтиб кетиши мумкинлигини айтган. Лекин Носир Мирзо жўнат кетишга улгурмай вафот этган[2].

Носир Мирзо
Таваллуди 1487
Вафоти 1512 бошқа манбаларда 1515
Фуқаролиги Темурийлар давлати
Дини Ислом
Отаси Умаршайх Мирзо
Онаси Умид Оғоча

Манбалар

  1. ↑ Бабур, Заҳир-уд-дин. Бабурнама — а Мемоир — транслатед фром тҳе оригинал Туркиш техт бй Анна Суссанаҳ Беверидге. Неw Делҳи: Рупа Публиcатионс, 2017 — 7–8-бет. ИСБН 978-81-291-4175-0. 
  2. ↑ Рустамжон Умматов. Ғазнаи Намангон. Тошкент: Шарқ — 81-бет.