Абу Муҳаммад ал-Ҳасан ибн Абу ал-Ҳайжа Абдуллоҳ ибн Ҳамдон ат-Тағлибий (арабча: أبو محمد الحسن بن أبي الهيجاء عبد الله بن حمدان التغلبي‎‎) (968 ёки 969-йилда вафот этган), асосан, Носир ад-Давла (ناصر الدولة – сўзма-сўз таржимаси — „Аббосийлар сулоласи ҳимоячиси“) номи билан машҳур, Мосул амирлигининг Ҳамдонийлар сулоласидан бўлган иккинчи ҳукмдори. Ҳукмронлик даврида Жазиранинг катта қисмини назорат қилган.

Носир ад-Давла
Амир ул-умаро (942–943)
Мосул амири

943/944-йилда Бағдодда Носир ад-Давла ва Сайф ад-Давла номидан зарб қилинган олтин динор.
Салтанат 935–967
Давомчиси Абу Тағлиб
Фарзандлари Абу Тағлиб, Абу ал-Фаворис, Абу ал-Қосим, Абу Абдуллоҳ ал-Ҳусайн, Абу Тоҳир Иброҳим
Тўлиқ номи
ал-Ҳасан ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдон Носир ад-Давла ал-Тағлибий
Сулола Ҳамдонийлар
Отаси Абдуллоҳ ибн Ҳамдон
Дини Ислом

Ҳамдонийлар сулоласининг энг йирик аъзоси сифатида Ҳасан отаси Абдуллоҳ ибн Ҳамдондан Мосул атрофидаги сиёсий таянч ҳудудларни мерос қилиб олди ва бу ҳудудларни амакиларининг даъволарига қарамай сақлаб қола олди. У Аббосийлар халифалиги сарой фитналарида фаол иштирок эта бошлади ва 942–943-йиллар оралиғида укаси Али (Сайф ад-Давла номи билан машҳур) ёрдамида ўзини амир ул-умаро яъни халифа номидан амалда ҳукмронлик қилувчи ноиб сифатида танитишга эришди. Бироқ турк қўшинлари уни Бағдоддан сиқиб чиқарди. 945-йилда унинг Бағдод ҳамда Қуйи Ироқни эгаллаб олган Бувайҳийларга қарши уринишлари кетма-кет муваффақияцизликка учради. Бувайҳийлар пойтахт Мосулни икки марта эгаллаб олишган бўлса-да, маҳаллий қаршилик сабаб у ерда узоқ қололмадилар. Бу муваффақияцизликлар туфайли Носир ад-Давланинг нуфузи ва сиёсий мавқеи кескин пасайди. Укаси Али (Сайф ад-Давла) Ҳалаб ва Шимолий Билод аш-Шомда ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлагани боис унга нисбатан кўпроқ обрў қозонди. 964-йилдан кейин Носир ад-Давланинг тўнғич ўғли Абу Тағлиб отасининг мулкларида амалда ҳокимликни ўз қўлига олди. 967-йилда эса Носир ад-Давла тахтдан ағдарилди ва қамоққа ташланди. Орадан бир ёки икки йил ўтиб, асирликда вафот этди.

Ҳаёти

Келиб чиқиши ва оиласи

Ҳамдонийлар сулоласи шажараси

Носир ад-Давланинг асл исми ал-Ҳасан ибн Абдуллоҳ бўлиб, Абу ал-Ҳайжа Абдуллоҳ ибн Ҳамдоннинг (929-йилда вафот этган) тўнғич ўғли эди. Унинг бобоси Ҳамдон ибн Ҳамдун ибн ал-Ҳорис Ҳамдонийлар сулоласига ўз номини берган, курд аёлидан дунёга келган[1][2]. Ҳамдонийлар Жазира (Юқори Месопотамия) ҳудудида исломдан аввалги даврлардан бери яшаб келган араб қабиласи Бану Тағлибнинг бир тармоғи эди[3]. Тағлиб қабиласи Мосул ва унинг атрофидаги ҳудудларга узоқ вақт давомида ҳукмронлик қилган, бироқ ИХ аср охирларига келиб, Аббосийлар бу минтақада марказий назоратни кучайтиришга ҳаракат қилган. Ҳамдон ибн Ҳамдун бу сиёсатга энг қатъий қаршилик кўрсатган Тағлибий етакчиларидан бири бўлган. У Аббосийларга қарши курашда Мосул шимолидаги тоғларда яшовчи курдлар билан иттифоқ тузган, бу эса кейинчалик сулола тақдирида муҳим рол ўйнаган. Ҳамдонийлар оиласи курдлар билан қуда-андалик алоқаларини ўрнатган, курдлар ҳам сулола ҳарбий кучларида муҳим ўрин эгаллаган[1].

895-йилда Аббосийлар халифаси ал-Му’тазид (ҳ. 892–902) Ҳамдон ибн Ҳамдуннинг ер-мулкларини эгаллаб олди ва уни узоқ вақт давомида таъқиб қилгач, Мосул яқинида таслим бўлишга мажбур қилди. Ҳамдон ҳибсга олинди, бироқ унинг ўғли Ҳусайн ибн Ҳамдон Ардумушт қал’асини халифа қўшинларига топшириб, оиланинг келажагини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. У Тағлиб қабилалари орасида солиқ имтиёзлари эвазига қўшин тўплаб, Аббосийлар ҳокимияти билан араб ва курд аҳолиси ўртасида воситачилик қилиб, Жазирада кучли сиёсий таъсирга эга бўлди. Айнан шу маҳаллий таянч Ҳамдонийлар оиласига Х аср бошларида Бағдоддаги марказий Аббосийлар ҳукумати билан доим ҳам яхши бўлмаган муносабатлар шароитида омон қолиш имконини берди[1]. Ҳусайн ҳарбий соҳада катта муваффақиятларга эришган, Хорижийлар ва Тулунийларга қарши жангларда ўзини кўрсатган, бироқ 908-йилда Ибн ал-Му’таззнинг муваффақияцизлик билан якунланган тўнтаришини қўллаб-қувватлагани учун обрўсизлантирилган. Унинг укаси Иброҳим 919-йилда Диёр Раби’а (Насибин атрофидаги вилоят) ҳокими бўлиб хизмат қилган. У 920-йилда вафот этгач, бу лавозимни яна бир укаси Довуд эгаллаган[1]. Ҳасаннинг отаси Абдуллоҳ 905/906–913/914-йиллар орасида Мосул амири сифатида фаолият юритган, аммо Бағдоддаги сиёсий вазият ўзгариб турганлиги сабабли бир неча бор лавозимидан четлатилган ва қайта ушбу лавозимга тайинланган. 925/926-йилда у яна Мосулни назорат остига олган. Абдуллоҳ халифалик қўшинларининг қудратли бош қўмондони Му’нис ал-Ходим билан мустаҳкам алоқада бўлган ва 929-йилда ал-Муқтадирга қарши қисқа муддатли тўнтариш ҳаракатида (кейинчалик 932–934-йилларда халифа бўлган ал-Қоҳир фойдасига) етакчи рол ўйнаган. Бироқ бу ҳаракат бостирилганида у ҳалок бўлган[1]. Тарихчи Мариус Cанарднинг таъкидлашича, Абдуллоҳ Ҳамдонийлар сулоласининг биринчи авлодидан бўлган энг нуфузли шахс ҳисобланиб, у аслида Мосулдаги Ҳамдонийлар амирлигига асос солган шахс ҳамдир[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 Cанард 1971.
  2. ↑ Кеннедй, Ҳугҳ. Тҳе Пропҳет анд тҳе Аге оф тҳе Cалипҳатес. Тайлор & Франcис, 2015 — 232-бет. ИСБН 9781317376392. 
  3. ↑ Кеннедй 2004.