Nosiruddin Samarqandiy
Бу мақолага бошқа бирорта саҳифадан
ишорат йўқ. (август 2024) |
Носируддин Самарқандий(арабча:ناصر الدين سمرقندي — Носируддин Самарқандий — Тўлиқ исми:Носируддин Абулқосим Муҳаммад ибн Юсуф Ҳасаний Самарқандий (вафоти 1161-йил)) — муфассир, фақиҳ, сўфий, муҳаддис ва ахлоқшунос.
Носируддин Самарқандий | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | Муфассир, Фақиҳ, Сўфий, Муҳаддис, Ахлоқшунос |
Ҳаёти
Тафсир, ҳадис ва ваъз илми бўйича фақиҳ олим бўлган Носируддин Абулқосим Муҳаммад ибн Юсуф Ҳасаний Самарқандий Абулқутн номи билан танилган. Унинг туғилган санаси манбаларда кўрсатилмаган бўлса-да вафоти 556/1161-йилда бўлганлиги манбаларда келтирилган. Носируддин ёшлигидан зийрак ва илмга чанқоқ бўлган. Илмнинг турли соҳалари бўйича замонасининг етук олимларидан сабоқ олган. Илк сабоғини ўз юртида олган олим кейинчалик илм талабида қатор мамлакатларга сафар қилган. Жумладан, алломанинг Бағдодда бир қанча вақт яшагани манбаларда келтирилади. Бундан ташқари, Имом Носируддин 535/1141-йилдан 543/1150-йилгача илм-фан маркази ҳисобланган Марв, Бағдод, Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, кўплаб устозлардан таълим олган ва дунёнинг аксар олимлари гувоҳлик берганидек, мусулмон оламидаги машҳур олимлардан бирига айланган[1]. Аллома уламо ва имомларни танқид қилганлиги, уларни қоралаб фикр билдирганлиги боис, ҳибсга олиниб шу ерда вафот этганлиги манбаларда келтирилади.
Асарлари
Унинг фатволарга тегишли „Ал-мултақоту фи-л-фатово“ („Сараланган фатволар“) — асар „Молу-л-фатово“ („Фатволар бойлиги“) деб ҳам номланиб, уни 549/1156-йилда ёзиб тугатган[2]. Бундан ташқари, „Ал-мултақоту фи-л-фиқҳ“ („Фиқҳдаги фойдалар“), „Масобиҳу-с-субул“ („Йўлларнинг чироқлари“), „Жомиъу-л-фатово“ („Фатволар тўплами“), „Ал-фиқҳу-н-нофиъ“ („Фойдали фиқҳ“), „Хулосату-л-муфтий“ („Муфтий хулосаси“), „Асъалуҳ ва ажвабаҳ“ („Ундан сўрайман ва унга жавоб бераман“), грамматикага оид „Булуғу-л-ирб мин таҳқиқ истиороти-л-араб“ („Араб истиораларини ўрганишда мақсадга этиш“), тафсир фанига оид „Ал-аҳком фи-т-тафсир“ („Тафсирдаги ҳукмлар“), одоб-ахлоқ ва тасаввуфга оид „Риёзату-л-ахлоқ“, („Хулқлар риёзати“) „Баён риёза ахлоқу-н-нафс“ („Нафс хулқларининг риёзат баёни“) каби асарлар тасниф етиб ўзидан бебаҳо мерос қолдирган. Аллома томонидан таълиф этилган асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. Қуръон илмлари, калом, фиқҳ, одоб-ахлоқ, грамматика ва тарихга доир бу асарларнинг қўлёзма нусхалари дунёдаги турли кутубхона фондларида сақланмоқда.[3]
Асарлари
- „Ал-мултақат фи- л-фатово“,
- „Молу- л-фатово“,
- „Ал-мултақат фи- л-фиқҳ“,
- „Масобиҳу-с-субул“,
- „Жоми’у- л- фатово“,
- „Ал-фиқҳу-н-нофи’“,
- „Хулосату- л- муфтий“,
- „Ас’алуҳ ва ажвабаҳ“,
- „Булуғу- л-ирб мин таҳқиқ истиороти- л-араб“,
- „Ал-аҳком фи-т-тафсир“,
- „Риёзату- л-ахлоқ“,
- „Баён риёза ахлоқи-н- нафс“
Адабиётлар
Манбалар
- ↑ Носируддин Самарқандий. Ал-фиқҳу-н-нофиъ. — Риёз. Мактабату-л-ибикон, 2000. — Б. 26.
- ↑ Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифийн. Ж. 8. — Байрут: Дор иҳёу-т-туроси-л-арабия, 2009. — Б. 126.
- ↑ Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энсиклопедияси. — Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. — Б. 582-583.
| Ушбу мақолада Ўрта аср Шарқ алломалари энсиклопедияси маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ислом шахсияти ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |