Новвот (оқ шакар)

Новвот — шакар қиёмидан тайёрланадиган ялтироқ, қаттиқ, рангсиз ёки сарғиш тусли ширинлик. Йирик қанд кристалларидан иборат. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган. Таркибида 99,75% саҳароза (шакар моддаси) мавжуд. Намлиги 1% дан ошмайди.

Новвот тайёрлаш технологияси: қозонга 2 улуш шакар ваҳ 1 улуш сув (Мас, 10 кг шакарга 5 л сув) солиб, милтиллатиб қайнатиш йўли билан шарбат ҳосил қилинади. Шарбатни яхшилаб аралаштириб, кўпик ҳосил бўлгунча қайнатилади, кўпикни олиб ташлаб, қайнатиш тўхтатилади. Шарбатга тухум (80— 100 кг шакарга 1 л сувга чақилган 1 дона тухум) қўшилади. Шарбатни яна қайнатиб, кўпиги олиб турилади. Сўнгра махсус қозонга 3—4 қатор оқ ип па-раллел тортилади. Ипларнинг учини бирлаштириб, елим билан ёпиштириб қўйилади. Бошқа қозонда қайнаб турган шарбат ип тортилган қозонга қуйилади, тахминан 1 соат тургандан кейин шарбат сиртида парда ҳосил бўлади. Қозонни махсус қопқоқ билан ёпиб, уч сутка шу ҳолича қолдирилади. Бу даврда иплар атрофида кристаллар ҳосил бўлиб, ўса бошлайди. Уч суткадан кейин қопқоқни очиб, қозонда қолган шарбат бошқа идишга қуйиб олинади. Ундан қандолат маҳсулотлари тайёрлашда фойдаланилади. Қозон тагига ёпишиб қолган новвот ҳам истеъмол қилинади. Кристаллар ёпишган ипларни қозондан олиб, столда қуритилади. Новвот шу ипи билан сотишга чиқарилади. Бу новвот дури дейилади (тахминан 65% дур чиқади). Новвотни кундалик ширинлик сифатида истеъмол қилиш мумкин.

Галерея

Манбалар