Nyuiva

Нюива - қадимги Хитой (даосизм) диний э’тиқод тизимига кирган пантеондаги энг улуғ ма’будлардан бири ҳисобланиб, у инсониятни яратувчи, ер юзини сув тошқинидан сақловчи ҳамда никоҳ ва оила ҳомийси сифатида э’зозланган. Ривоятларда Нюива инсон каби бош ва қўл ҳамда илон сингари танага эга ма’буд шаклида тасвирланган. Унинг исми хитой тилида “Ню Гуа” тарзида талаффуз қилиниб, бунда “Гуа” шиллиққурцимон жонзотни билдиради. Қадимги Хитой диний э’тиқодига кўра, ба’зи моллюска, ҳашарот ва судралиб юрувчи жонзотлар ўзининг ташқи қобиғи (тери)ни ўзгартириш, танасини ёшартириш ва ҳатто, абадийлик бахш этиш қобилиятига эга бўлган. Шу жиҳатдан, Нюива ҳам етмиш маротаба қайта туғилган ва у ҳар бир туғилишида борлиқ янги ўзгаришга юз тутган, деб ишонилган. Шу билан бирга, ривоятларда келишича, Нюива ўта қудратли бўлган ва ундан яна ўнта ма’буд дунёга келган. Бошқа бир афсонага биноан, Нюива ва унинг укаси Фуси илк илоҳий жуфтлик саналади. Археологик топилмаларда улар инсон боши ва илонсимон тана билан бир-бирига ёки қарама-қарши қараб турган тарзида ифодаланганини кўриш мумкин. Ўз даврида, баҳорнинг иккинчи ойида муҳаббат ва никоҳ тимсоли сифатида иккисига атаб қурбонлик ва махсус маросимлар ўтказилган[1].
Манбалар
- ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 309.
Адабиётлар
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.