Ўги беги хоним (асл исми Тағайшоҳ) (? — 1382) — Амир Темурнинг катта қизи. Онаси Турмуш Оғо. Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишича, Ўги беги хоним ҳусн бобида тенги йўқ, ақл-идрокда беназир бўлган. Амир Темур бу қизини яхши кўрган ва ўзига яқин тутган. Ўги беги хонимни амир Мусонинг ўғли Муҳаммадбекка никоҳ қилганлар. Ўги беги хоним Муҳаммадбекдан бир ўғил туққан, исми Султон Ҳусайн Мирзо. 1382-йилда Ўги беги хоним бедаво касалликдан вафот этган.