Obraz
Образ, бадиий образ— воқеликни фақат санъатга хос усулда ўзлаштирадиган ва ўзгартирадиган характерловчи эстетик категория. Шунингдек, бадиий асарда ижодий қайта яратилган ҳар қандай воқеа ҳам образ деб юритилади.
Бадиий адабиётда инсоннинг алоҳида шахс қиёфасида яратилган, айни пайтда, бадиий умумлашма хусусиятига ва ҳиссий таъсир кучига эга бўлган сурати бадиий образ дейилади. Образ (тимсол) тушунчасининг кенг ва тор тушунчалари мавжуд. Кенг маънодаги образ тушунчаси ижодкорнинг фикр-туйғулари сингдирилган ҳаёт манзарасини англатади. Тор маънода эса бадиий асарда акс эттирилган инсон сиймосини ифодалайди.
Образда обектив англаш билан субектив ижодий тафаккур қоришиб кетади. Бадиий образнинг ўзига хос хусусиятлари реал воқеликка ва фикрлаш жараёнига бўлган муносабатда аниқ намоён бўлади. Образ вокеликнинг бадиий инъикоси сифатида реал мавжуд обектнинг ҳиссий аниқ, тайин замон ва маконда давом этган, моддий тугал, ўзича етук хусусиятларига эга бўлади.
Образлар бош ва эпизодик турларга бўлинади.
Бадиий образни реал обект билан чалкаштирмаслик керак; у шартлилик, рамзийлик хусусияти билан реал воқеликдан фарқ қилади ва асарнинг ички "иллюзияли" оламини ташкил қилади. Образ воқеликнинг оддий инъикоси бўлмай, балки уни умумлаштириб, алоҳида, ўткинчи, тасодифий ҳодисанинг энг моҳиятли, ўзгармас (муқим), адабий жиҳатларини очиб беради. Мавҳум тушунчадан фарқли равишда образ кўргазмалилик хусусиятини намоён этади, у воқеаларни мавҳум мулоҳазалар билан эмас, балки ҳиссий яхлит, бир бутун такрорланмас тарзда акс эттиради. Образнинг бадиийлиги мавжуд воқеликни акс эттириш ва уни англаш хусусияти билан белгиланмайди, балки бадиийлик образнинг мисли кўрилмаган, янги ўйлаб чиқарилган дунё ярата олиш имкониятида юзага чиқади. Образда обектив мавжуд ва муҳим жиҳатлар билан бирга, бўлиши мумкин бўлган, мўлжалдаги, хоҳишдаги, яъни турмушнинг эмоционал-иродавий томонларига муносабат, унинг кўринмас, ички имкониятлари билан боғлиқ хусусиятлар ҳам муҳрланган бўлади. Шунингдек, бадиий образда хаёлот, бўёқ, товуш, сўз ва бошқаларни ижодий ишлаш йўли билан санъат асари яратилади.
Образ мураккаб тузилиш ва мураккаб кўринишга эга; у борлиқ билан руҳий дунёнинг бир-бирига ўтишидаги барча моментларни ўз ичига олади. Бадиий образ воситасида субективлик билан обективликнинг, якка ҳолат билан умумийликнинг, идеаллик билан реалликнинг ўзаро мувофиқ муносабатлари ижодий ишлаб чиқилади.
Бадиий асар сўз воситасида юзага чиқарилади. Адабий асарнинг материали ашёвий асосдан (бўёқлар, мармар, тош ва бошқалар) эмас, балки белгилар тизими, тил, сўз материалидан иборат бўлгани учун ҳам сўз билан ифодаланган Образда кўргазмалилик томони пластик Образга нисбатан кам акс этади. Шоир ҳатто конкрет тасвирий сўзлардан фойдаланганда ҳам предметнинг кўзга кўринадиган қиёфасини эмас, ассоциатив алоқадаги мазмуний кўринишини яратади. Бадиий образнинг муҳим вазифаси унинг ҳаётдагидек салмоқдорлик, яхлитлик ва жонлиликка эга бўлишидир.
Бадиий образ яратиш йўллари
Бадиий образ: бадиий образларнинг таърифлари, тузилиши, типологияси. Тасвирларнинг адабиёт турига боғлиқлиги.
Тасвир: белги — аллегория — белги — архетип — афсона. Тасвирларни умумлаштириш босқичлари.
Типик тушунча.
Адабий шаклнинг ўзига хослиги, образлилиги ва ифодалилиги.
Адабиёт ва фолклор.
Адабий асар: образли тизимнинг бадиий бирлиги.
Фалсафа ва адабиётда шакл ва мазмун тушунчаси.
Адабиётлар
- Храпченко М. Б., Горизонти художественного образа, М., 1982
- Адабиёт назарияси (2 жилдли), Т., 1978
- Иззат Султон, „Адабиёт назарияси“, Т., 1980.
Баҳодир Каримов.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |