Odina masjidi
Одина масжиди (Насаф Катта жомеъ масжиди[2]) — Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида сақланиб қолган энг қадимий меъморий ёдгорлик. Масжид 1380-йилларда бунёд этилган. Одина масжиди Регистон мажмуасига кирган меъморий иншоотлардан бири ҳисобланган. Масжид Қарши қал’асининг марказида жойлашган[3].
| Одина масжиди | |
|---|---|
|
Одина масжидининг олд тарафдан кўриниши (2023-йил) | |
| Эски номлари |
Насаф Катта жомеъ масжиди Масжиди калон |
| Умумий маълумот | |
| Мақоми | давлат муҳофазасида[1] |
| Жойлашуви | Эски шаҳар |
| Манзили | Одина боғи |
| Шаҳар | Қарши |
| Мамлакат | Ўзбекистон |
| Координаталар | 38°52′04″Н 65°48′11″Э / 38.867688°Н 65.803166°Э |
| Қурилиши тугаган | ХИВ асрнинг 80-йиллари |
| Бузилган сана | 1868-йил |
| Техник ҳолати | |
| Материал | пишган ғишт |
| Қаватлар сони | 1 қават |
Амир Темур 1385—1386-йиллардаги юриши пайтида Самарқанддан келишда Қаршининг марказида усбу масжидни бунёд эттирган[3].
Ҳозирда масжид Қарши шаҳрининг „Эски шаҳар“ қисмидаги Одина боғида жойлашган[4].
Меъморий ёдгорлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг „Моддий маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ 2018-йил 19-декабрдаги ПҚ-4068-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон моддий ва маданий меросининг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилган — давлат муҳофазасига олинган[1].
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 8-октябрдаги фармойишига мувофиқ, 2021-йил Одина масжидида Қатағон қурбонлари хотираси музейи ташкил этилган[5].
Номлари
Масжид тарихий манбаларда „Насаф Катта жомеъ масжиди“ (Масжиди Калон)[2] номи билан ҳам тилга олинган. Халқ орасида Одина масжиди деб аталади. Ушбу масжидда 1924—1925-йилларда ёзилган учта вақф ҳужжати сақланиб қолинган. Мазкур вақф ҳужжатида масжид „Одина масжиди“ сифатида қайд этилган[3].
Тарихи
Тарихчи олимлардан Бўрибой Аҳмедов ва Михаил Массонлар ўз асарларида ушбу масжид қурилишини Амир Темур номи билан боғлайдилар[6].
Одина масжиди 1860-йилларининг сўнгида тўпга тутилиб вайрон қилинган[3][7]. Масжид гумбази ва минораларининг қолдиқлари 1914-йилгача сақланган. Шўролар даврида Одина масжидида турли идоралар жойлаштирилиб, кейинчалик омборхона сифатида ҳам фойдаланилган[8]. 1938-йилга келиб масжиднинг атрофи баланд девор билан ўраб олинган ва у маҳбуслар сақланадиган уйга айлантирилган[9][10]. Маҳбуслар сақланадиган уйнинг битта камерасига йигирмага яқин одам қамалган[11]. Қарши шаҳрининг 2700-йиллиги муносабати билан 2004—2005-йилларда маҳбуслар сақланадиган уй шаҳарнинг четига кўчирилган.
Одина жоме масжидида асосан, жума кунлари, Рамазон ва қурбон ҳайитларида намозлар ўқилган, қолган (беш вақт) намозлар маҳаллалардаги масжидларда адо этилган[3].
Меъморчилиги

Одина масжиднинг томонлари 50х40 метр мутаносибликда қурилган[7]. Масжид ичидаги ибодат жойлари кенг, баланд, тепаси кичик гумбазли ҳар-ҳар жойда қалин қилиб терилган ғишт устунлари бир-бирига равоқлар орқали кетган, ана шундай ўнлаб равоқ гумбазли хоналардан ўтиб, гумбазли намозгоҳга чиқилган. Масжид ғарбий томонида катта меҳроб бўлган. Меҳроб равоқнинг атрофига Қур’они Каримдан „Оятал Курсий“ дуоси олтин ҳарфлар билан битилган. Меҳробнинг ўнг томонида етти зинали мармар бўлиб, унда жума ва ҳайит намозларида хутба ўқилган[3].
Регистон майдонидан етти зина кўтарилиб, Одина масжиди олдидаги майдонча („ковуш партав“ — ковуш ечиладиган жой)га чиқилган. Майдончанинг устида чор истилочилари келмасидан илгари айвон бўлиб, у ҳам тўп ўқлари билан вайрон қилинган. 1914-йилда Саид Олимхон томонидан қал’анинг таъмирланиши пайтида бу айвон ҳам қайта тикланган. Таъмирлаш давомида вайрон бўлган масжиднинг гумбази ва минораларини тиклашнинг иложи бўлмаган[7]. Айвоннинг ўймакор нақшли устунлари остидаги тоши мармардан ясалган, бу жой бинога кириш вазифасини бажарган. Айвон 1920-йилдан сўнг, Бухоро амирлиги тугатилгач, шўролар ҳукмронлигининг дастлабки йилидаёқ бузиб юборилган[12].
2021-йил Қашқадарё вилояти ҳокими томонидан Одина масжидида ташкил этилган Қатағон қурбонлари хотираси музейи канализация, вентиляция ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун бюджетдан 500 миллион сўм маблағ ажратилган[13].
Тавсифи
Тарихий манбаларда Одина масжиди Бухородаги меъморий ёдгорлик — Масжиди Калон номи билан тилга олинади. Хонақоҳнинг ташқи пойгумбази баланд, мовий гумбази узоқдан кўзга ташланиб туради. Бухородаги Масжиди Калондан намуна олиб қурилган, деган тахминлар бор. Фақат, ҳажми ундан кичикроқ бўлиб, меҳроби шимолий қутбга нисбатан 250° даража атрофида[12].
Галерея
-
Одина масжидининг асосий кириш қисми
-
Масжиднинг қўшимча кириш қисми
-
Масжидининг зал қисми
-
Масжидининг ҳовлиси
-
Одина масжидининг орқа томондан кўриниши
-
Масжид кириш қисмининг шимоли-шарқий томондан кўриниши
-
Масжид ҳовлисининг шимоли-ғарбий томондан кўриниши
-
Масжиднинг гумбази
-
Масжиднинг гумбазининг нақшлари
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 „Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 846-сон 04.10.2019 й. қарори“. Лех.уз. Қаралди: 2020-йил 22-сентябр.
- ↑ 2,0 2,1 Мазҳарул аҳвол. 132а, 132-бет.
- ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 3,4 3,5 Насриддинов К, Хужаяров У 2011, с. 34—40.
- ↑ „Мажсид жойлашуви“.
- ↑ „Амир Темур бунёд этган масжид музейга айлантирилди“. 2023-йил 20-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 11-август.
- ↑ Б.Аҳмедов. Амир Темур. Тошкент, „Ёзувчи“, 1996, 361-бет
- ↑ 7,0 7,1 7,2 Поён Равшанов 2006, с. 501.
- ↑ „Хон саройи, масжид, қамоқхона — Қаршидаги бир обида тарихи“.
- ↑ „Қарши шаҳридаги Одина масжиди“. 2023-йил 20-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 11-август.
- ↑ „Қаршининг 46 мадрасасидан 43 таси нега бузиб ташланганди?“.
- ↑ „Одина” масжиди 1938-йилдан то 2004-йилгача қамоқхона бўлган“.
- ↑ 12,0 12,1 Абдусаттор Жуманазар 2007, с. 90.
- ↑ „Қашқадарёнинг ҳокими 2 ой олдин очилган музей учун яна 500 миллион со`м ажратди.“.
Адабиётлар
- Поён Равшанов. Қарши тарихи. Тошкент: Янги аср авлоди нашриёти, 2006 — 647-бет. ИСБН 5-633-01899-0.
- Насриддинов К, Хужаяров У. Қарши шаҳрининг ме'морий ёдгорликлари. Тошкент: Янги аср авлоди, 2011 — 136-бет. ИСБН 978-9943-08-629-6.
- Абдусаттор Жуманазар. Насаф. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007 — 204-бет. ИСБН 978-9943-06-029-6.
Ҳаволалар
- Одина масжиди виртуал саёҳат (360°)[сайт ишламайди]
Ушбу мақола йил мақолалари танловида ғолиб бўлиб, ўзбекча Википедияда 2023 мақоласи деб тан олинган. |
