Олабай ҳайкали
Андоза:Овозли Википедия Олабай ҳайкали — Туркманистон пойтахти Ашхободда бўрибосар (туркманча: алабай) ит зотига ўрнатилган зарҳал ҳайкал. Итга ўрнатилган дунёдаги энг катта олтин ёдгорлик. Ёдгорликнинг умумий баландлиги 15 метр бўлиб, ит ҳайкалининг ўзи 6 метр (баъзи манбаларда 5,7 метр), тагкурсиси баландлиги эса 9 метрдир. Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг шахсий ташаббуси билан ҳайкалтарош Саргарт Бабаев яратган. Ҳайкал 2020-йилнинг 12-ноябрида президент иштирок этган маросимда очилди.
| Олабай ҳайкали | |
|---|---|
| Туркманча: Алабай ҳейкели | |
|
Олабай ҳайкали (ўнгдан иккинчи) баландлигининг бошқа таниқли ҳайкаллар баландлигига қиёси | |
| Рассом | Саргарт Бабаев |
| Йил | 2020-йил, 10-ноябр |
| Оқим | Реализм |
| Мавзу | Бўрибосар |
| Ўлчами | 15 м × 35 м (49 фт × 115 фт) |
| Жойлашуви | Ашхобод |
Ҳайкал ЛЕД экранли тагкурси устида ўрнатилган бўлиб, шаҳарнинг давлат ишчилари учун мўлжалланган туманида, айлана йўл ўртасида жойлашган. Туркманистон аҳолисининг йирик қисми қашшоқликда яшаётган бир пайтда, хусусан, мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келгани хабар қилинаётган бир пайтда итга зарҳал ҳайкал ўрнатилгани танқидга учради. Ҳайкал учун қанча маблағ сарфлангани номаълум.
Тавсифи
Бердимуҳамедов 2019-йилнинг ноябрида олабайга 15 метр баландликдаги ҳайкал ўрнатилишини эълон қилди.[1] Ҳайкални туркман ҳайкалтароши Саргарт Бабаев яратди.[2] Олабай ҳайкалининг умумий баландлиги 15 метр бўлиб, ҳайкалнинг ўзи 6 метр (баъзи манбаларда 5,7 метр), тагкурсиси баландлиги эса 9 метрдир.[3] Ҳайкал 2015-йилда Бабаев яратган ва Бердимуҳамедовга бағишланган олтин ҳайкалга ўхшаш.[2]
Ҳайкал шаҳарнинг давлат ишчилари учун мўлжалланган туманида, диаметри 35 метр айлана йўл ўртасида жойлашган.[4] Ҳайкал ЛЕД экранли юмалоқ тагкурси устига ўрнатилган бўлиб, экранда ҳақиқий олабайлар ўйнаётгани акс этган видео кўрсатиб турилади. Ҳайкал президент Бердимуҳамедовнинг шахсий ташаббуси билан яратилди.[5] Уни ўрнатиш ишларига „Алтин“ маҳаллий ширкати етакчилик қилди.
Очилиш маросими
2020-йилнинг 12-ноябрида олабай ҳайкали жойлашган турар-жой туманининг расмий очилиш маросими уюштирилди.[6] Маросимда президент Гурбангули Бердимуҳамедов қатнашди. Маросим қатнашчилари Бердимуҳамедов олабай ҳақида ёзган китобни қўлда тутган ҳолда, ит ва президент ҳақида шеър ўқиди, қўшиқ куйлади. Шунингдек, маросим давомида ёш болага олабай ити совға қилинди.
Туркманистон телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитаси очилиш маросим ҳақида ўз ЁуТубе каналида лавҳа эълон қилди. Каналдаги бошқа видеолар каби, бу видео остида шарҳ қолдириш ёки лике ва дислике тугмаларини босиш функсиялари канал эгалари томонидан ўчириб қўйилган. Туркман матбуоти хабарларида ҳайкал итнинг „ғурури ва ўзига ишончини“ ифодалаши таъкидланди.[7]
Танқиди
Туркманистон аҳолисининг йирик қисми қашшоқликда яшаётган бир пайтда, хусусан, мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келгани хабар қилинаётган бир пайтда итга зарҳал ҳайкал ўрнатилгани танқидга учради.[7] Ҳайкал учун қанча маблағ сарфлангани номаълум. Олабай ҳайкали ҳамда унинг муаллифи Саргарт Бабаев 2015-йилда Бердимуҳамедовга бағишлаб ясаган олтин ҳайкал очилиши хориж матбуотида кенг ёритилди ва танқид қилинди.
Туркман ҳукуматининг олабай ит зоти халқаро миқёсда Марказий Осиё чўпон ити ўлароқ маълум бўлган бўрибосарнинг „туркман зоти“ экани ҳақидаги иддаолари илмий асосга эга эмас. Америка итбоқарлар клуби бўрибосар итларини „бугунги кунда мавжуд бўлган энг қадимги итлар гуруҳи“ деб таърифлайди.[8] Клуб маълумотларига кўра, „бугунги зотларнинг кўпчилигидан фарқли ўлароқ, Марказий Осиё чўпон итлари инсон томонидан яратилган ёки бирон муайян шахс ёки мамлакат томонидан яратилган эмас“.[8]
Шунингдек, Туркманистон ҳукуматининг олабай итини кўкларга кўтариш кампаниясига қарамай, 2021-йилда мамлакатда қаровсиз, баъзи ҳолатларда эса эгаси бўлган итлар ҳам аёвсиз ўлдирилаётгани хабар қилинди. Хусусан, 2021-йилнинг февралида таъсис этилган ва апрел ойига белгиланган ит байрами арафасида пойтахт Ашхободда қаровсиз итлар ва мушуклар санитария ходимлари томонидан олиб кетилаётгани ва ўлдирилаётгани хабар қилинди.[8] Президент Бердимуҳамедов ўзини Туркманистон халқига ҳайвонларни севувчи раҳбар ўлароқ кўрсатиб келаётганига қарамай, Ашхобод ва бошқа шаҳарларда қаровсиз ҳайвонлар шафқацизлик билан йўқ қилинаётгани кескин танқидга учради.[8]
Олабай ва туркман ҳукумати тарғиботи
Ахалтака оти ва олабай ити президент Гурбангули Бердимуҳамедов ва унинг ҳукуматининг Туркманистон миллий мероси ҳақидаги тарғиботида муҳим ўрин тутади.[2] Бердимуҳамедов маъмурияти олабай итини миллий ғурур манбасига айлантиришга курашиб келади.[1] Тарихчи ва „Туркман бўлишни ўрганиш“ китоби (инглизча: Леарнинг то Беcоме Туркмен) китоби муаллифи Виcториа Cлемент олабай ити ахалтака оти каби „ҳукуматга Туркманистон ҳудудининг мутлақ туркман экани тўғрисидаги қарашни мустаҳкамлашга кўмаклашади“, деб ёзди.[1]

2020-йилда Туркманистон Маданият вазирлиги ушбу икки жониворни УНЕСCО Умумжаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритиш учун ҳозирланаётгани хабар қилинди. Бердимуҳамедовнинг ўғли, Туркманистон бош вазири ўринбосари Сардор Бердимуҳамедов Халқаро олабай бирлашмаси раиси этиб тайинланган.[2] Президент Бердимуҳамедов 2019-йил „Туркман олабайи“ (туркманча: Тüркмен алабаýй) номли китобини эълон қилди. Бердимуҳамедов ўз китобини шиддат билан қарсак чалаётган амалдорларга тақдим этиш маросими давомида олабай ҳақида шеър ҳам ўқиб берди. Шеърга кейинчалик қўшиқ басталанди.[1] Туркманистон давлат матбуотида президент олабай билан ҳордиқ чиқараётгани акс этган видеолар тез-тез эълон қилиниб турилади.[9]
2021-йилнинг февралида эса Олабай куни байрами таъсис этилди.[10] Байрам ҳар йили апрелнинг сўнгги якшанбасида, яъни Ахалтака оти куни билан бирга нишонланади. 2021-йилнинг мартида эса Туркманистон парламенти „Хизмат кўрсатган итбоқар“ ва „Халқ итбоқари“ фахрий унвонларини таъсис қилди. Бундан ташқари, олабайлар иштирокида ўтказиладиган гўзаллик танлови ғолибига бериладиган „Йилнинг жасур туркман олабайи“ медали ҳам таъсис қилинди. Бу унвонларни Бердимуҳамедов шахсан кўриб чиқиб, маъқуллагани хабар қилинди.[11]
Бердимуҳамедов Ашхобод билан дўстона муносабатда бўлган давлат раҳбарларига бир неча марта олабай ити боласини ёки ахалтака отини совға қилган. Улар орасида Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов ва Россия президенти Владимир Путин бор.[7][12] Бердимуҳамедов олабай ити боласини Путинга совға қилаётиб уни бўйнидан ушлаб, ҳавода ушлаб тургани учун Интернетда танқидга учради.[7] Бу ҳолатни кўриб турган Путин ўрнидан туриб, итни қучоғига олди.
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 „Топ дог: Туркмен бреэд ривалс ҳорсе фор натионал аффеcтион“. Франcе 24 (2019-йил 19-ноябр). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 „Туркменистан'с пресидент гец ҳис голден дог“. Эурасианет (2020-йил 11-ноябр). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ „Туркманистонда Олабай итига олтин ёдгорлик ўрнатилди“. Кун (2020-йил 12-ноябр). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ „Президент Туркменистана открыл в Ашхабаде золотой памятник алабаю“. РБК (2020-йил 12-ноябр). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ „Золотой памятник алабаю открыли в Ашхабаде — фото“. Спутник (2020-йил 12-ноябр). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ „Президент Туркменистана открыл золотой 15-метровый памятник алабаю. Монумент поставили, чтобы проявить «уважение и почтение» к этим собакам“. Медуза (2020-йил 12-ноябр). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ 7,0 7,1 7,2 7,3 „Туркменистан леадер унвеилс гиант голд дог статуэ“. ББC (2020-йил 12-ноябр). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ 8,0 8,1 8,2 8,3 „Ит байрами арафасида Туркманистон маъмурлари қаровсиз итларни қирмоқда. Баъзан эгаси борларини ҳам“. Озодлик радиоси (2021-йил 16-март). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ „Туркманистон президенти таътилни қандай ўтказаётгани намойиш қилинди“. Кун (2019-йил 5-август). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ „Туркманистонда ит байрами таъсис этилди“. Озодлик радиоси (2021-йил 26-феврал). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ „Туркманистонда «Хизмат кўрсатган итбоқар» ва «Халқ итбоқари» унвонлари таъсис этилди“. Озодлик радиоси (2021-йил 17-март). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
- ↑ „Бердимуҳамедов Путинга кучук совға қилди“. Кун (2017-йил 11-октябр). Қаралди: 2021-йил 13-апрел.
Ҳаволалар
- Ҳайкал очилиши ҳақида туркман давлат телеканали лавҳаси
- Бердимуҳамедовнинг олабайга атаб ёзган шеъри