Оламушук адири - Фарғона ботиғининг жануби-шарқий қисми (Андижон вилояти ҳудуди)да жойлашган адир. Жанубий ва жанубий-шарқда Ўш-Аравон адирорти ботиғи, ғарбда Аравон — Шаҳрихон ёйилма конуслари орасида. Ғарбда Андижон адири билан туташган, шимолида Қорадарёга яқинлашади. Оламушук адири жануби-ғарбдан шимоли-шарққа 15 км масофага чўзилган, эни 300–700 м, энг баланд жойи 919 м. Атрофидаги текисликлардан 300–400 м га кўтарилган, жануби-шарқий ён багри тикроқ.. Ён бағирлари кўплаб қуруқсойлар ва жарликлар билан кесилган. Тектоник жиҳатдан брахиантиклинал структура. Палеоген, неоген ва тўртламчи давр конгломерати, лойтош, қумтош, қумоқ жинслардан ташкил топган. Улар қуйи ерларда қалин лёссимон жинслар билан қопланган, релефи текисроқ. Адирнинг қуйи қисми тўртламчи даврда содир бўлган янги тектоник ҳаракатлар натижасида кўтарилган. Иклими қурғоқчил, ёзи иссиқ, йиллик ёғин 20–300 мм. Тупроғи бўз тупроқ. Ранг, кўнғирбош, шайтонковуш каби ўсимликлар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан қўшоёқ, бўрсиқ, жайра, тулки, каламуш, калтакесак, илонлар ва бошқа учрайди. Табиий бойликлардан нефт, табиий газ, олтингугурт бор. Оламушук адири ерлари яйлов сифатида ҳам фойдаланилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил