Олигополия — тармоқдаги бир неча йирик ишлаб чиқарувчи ёки сотувчининг нарх ва ишлаб чиқариш ҳажмини белгилашдаги ҳукмронлик ҳолатидир.

Олигополия (олиго... ва юн. полео — сотаман) — бозорни ташкил этиш шаклларидан бири ҳисобланади. Гуруҳ монополияси, я'ни оз сонли йирик корхона (фирма)ларнинг бозорда ёки биронбир хўжалик сохасида ҳукмронлиги тушунилади.

О. учун бозорда бир неча сотувчининг бўлиши хос, аммо умумий бозор сав-доси ҳажмида улардан ҳар бирининг ҳиссаси жуда катта бўлганидан, ҳар бир сотувчи ўзи таклиф этадиган маҳсулотлар миқдорини ўзгартириши билан нархларда ҳам ўзгаришлар юз беради.

Фирмаларнинг унча кўп бўлмаслиги яширинча келишишларга қулайлик туғдиради. Бу эса, ўз навбатида, уларга нархларни белгилаш, бозорни бўлиш ёки тақсимлаш ва бошқача йўллар билан ўзаро рақобатни чеклашда қўл келади. Яширинча келишишнинг бир қатор шакллари (картел битими ва бошқалар) бор. Монополия каби О. ҳам номукаммал рақобат кўриниши ҳисобланади.[1]

Олигополист-ишлаб чиқарувчиларга Ўзбекистонда семент (асосан Бекобод, Қувасой, Оҳангарон, Навоий шаҳарларида жойлашган), кўмир (Ангрен шаҳри, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё (Шарғун) ва Бойсун (Тўда) туманларида жойлашган) ишлаб чиқарувчиларни мисол келтириш мумкин.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил