Olmaxon Hayitova
Олмахон Ҳайитова (1940-йил 6-март, Хонқа тумани, Хоразм вилояти, Ўзбекистон ССР – 2014-йил 1-январ, Урганч, Хоразм вилояти, Ўзбекистон) – хонанда, бастакор, Ўзбекистон халқ артисти (1992)[1]. Хоразм қўшиқчилик мактабининг ёрқин вакиласи.
| Олмахон Ҳайитова | |
|---|---|
| Таваллуди |
6-март 1940-йил |
| Вафоти |
1-январ 2014-йил (73 ёшда) Урганч, Хоразм вилояти, Ўзбекистон |
| Фуқаролиги |
|
| Касби | Ашулачи |
| Фаолият йиллари | 1958—2014 |
| Унвони |
|
| Турмуш ўртоғи | Руслан Мадраҳимов |
Биографияси
Олмахон Ҳайитова 1940-йил 6-мартда Хоразм вилоятининг Хонқа туманида туғилган[1]. Оиладаги уч ўғил ва уч қизнинг кенжаси бўлган. Мактаб давридаёқ қўшиқ айтишга қизиққан. Мактабда тузилган бадиий ҳаваскорлик тўгарагида рубоб, дутор чертиш ва қўшиқ айтишни ўрганган. Мактабни тугатгач, Урганч шаҳридаги маданият уйининг ашула ва рақс ансамблига қабул қилинган. 1959-йилда Москвада ўтказилган адабиёт декадасида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган. Ашула айтишни дастлаб Ў.Саидов, кейинчалик Комилжон Отаниёзовдан ўрганган. Олмахон Ҳайитова 1958—1959-йилларда Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар театрида хонанда бўлиб ишлаган. Айнан шу театрда моҳир хонанда сифатида шаклландиб, юртга танилган. 1963-йилда Олмахон Ҳайитова Муҳиддин Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси қошидаги Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов раҳбарлигидаги Хоразм ашула ва рақс ансамблида („Лазги“ ансамбли) яккахон сифатида иш бошлаган. 1969—1974-йилларда Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтида таҳсил олган. 1995—2005-йилларда „Ўзбекнаво“ гастрол-консерт бирлашмаси таркибидаги Хоразм вилояти Комилжон Отаниёзов номидаги филармониянинг директори лавозимида фаолият олиб борган[2]. 2003-йилда Тошкент маданият институти профессори бўлган[3].
Олмахон Ҳайитова 2014-йил 1-январда 73 ёшида қандли диабет касаллигидан вафот этган[4][5][6]. 2014-йил 2-январда Урганчдаги Охунбува (Охунбобо) қабристонига дафн этилган[6][7]. Васиятига асосан олган мукофотлари кичкина халтачага солиниб, қабри ёнига кўмилган[7].
Оиласи
Олмахон Ҳайитова ХХ асрнинг 70-йилларидаёқ бутун республикага машҳур бўлганига қарамасдан, ҳаёти ва ижодий фаолиятининг асосий қисми Хоразмда ўтган. Турмуш ўртоғи Руслан Мадраҳимов (нафақадаги полковник)[3]. 1960-йилда турмуш қуришган. Уларнинг икки ўғли ва икки қизи бор[3].
Ижоди
Олмахон Ҳайитова ижрочилик ва бастакорлик фаолияти билан миллий қўшиқчилик санъатига ўз ҳиссасини қўшган. Олмахон Ҳайитова ўзбек аёл санъаткорлари орасида биринчи бўлиб катта саҳнада тор чалиб, қўшиқ куйлаган[8][6]. Олмахон Ҳайитова барча пардаларда жарангдор, кучли ва кенг диапазонли овоз соҳибаси бўлган.
Олмахон Ҳайитова асосан мумтоз ашулалар ва халқ достон қўшиқларини ижро этган[5] ҳамда 50 дан ортиқ турли мавзуларда, замондош шоирларнинг сўзларига басталаган. Улар орасида „Муҳаббат“, „Сен бир ёна, мен бир ёна“, „Торни қўлга олингларей“, „Уяламаней“ (Ошиқ Эркин сўзи); „Бўлса бўлар, бир бўлар“ (Шоди Карим сўзи); „Ўйнали“ (Омон Матжон сўзи), „Кўзингдан айланай“ (Қ.Матрасул сўзи), „Ишқ ўйнашдим“ (Комила сўзи) қўшиқлар энг машҳурларидир. Олмахон Ҳайитова ижросидаги „Баригал“ қўшиғи туркий халқлар қўшиқчилик санъатида энг оммалашгани ҳисобланади[8]. Репертуаридан оммабоп қўшиқлар, мумтоз ашулалар („Феруз – 1“, „Тошкент Ироғи“ ва бошқалар), Хоразм халқ достон қўшиқлари („Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам“дан „Озод қил“, „Било-билмадим“, „Хатингни“ ва бошқалар), бастакор ва композиторлар асарлари (Ҳожиабдулазизнинг „Гулузорим“, „Самарқанд Ушшоғи“, Комилжон Отаниёзовнинг „Найлайин“, С. Ҳайитбоевнинг „Ўзбекистон гуллари“ ва бошқалар), шунингдек, туркман, озарбайжон халқ қўшиқлари ўрин олган. Ижролари Ўзбекистон радиоси фонотекасига (жами 250 дан ортиқ), бир неча грампластинка („Ўзбекистон гуллари“, 1976) ва аудиокассетага ёзилган. Олмахон Ҳайитова ижодига бағишланган „Олмахон Ҳайитова куйлайди“ телефилми ишланган (1982). Бир қатор мамлакатларда гастролда бўлган[1]. Икки китобдан иборат „Хоразм ашула ва рақс санъати“ асари муаллифи[3].
Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжонга кўра, Олмахон Ҳайитова нафақат Ўзбекистон, балки Осиё аёллари орасидан чиққан забардаст қўшиқчи бўлган, хоразмликларнинг бирор-бир тадбири Олмахон Ҳайитова ёки унинг қўшиқларисиз ўтмаган[8].
Мукофотлари
Олмахон Ҳайитова 1966-йилда „Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист“, 1992-йилда „Ўзбекистон халқ артисти“ ва 1993-йилда „Қорақалпоғистон халқ артисти“ фахрий унвонлари билан тақдирланган[2][3].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ 2,0 2,1 „ҲАЙИТОВА ОЛМАХОН“.[сайт ишламайди]
- ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 3,4 „Олмахон ҲАЙИТОВАнинг со`нгги илтимоси...“ (2014-йил 8-феврал).
- ↑ „Олмахон Ҳайитова вафот этди.“ (2014-йил 2-январ).
- ↑ 5,0 5,1 „Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитова вафот этди“ (2014-йил 2-январ).
- ↑ 6,0 6,1 6,2 „Талантливая артистка всегда будет в сердцах людей“.
- ↑ 7,0 7,1 „Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитованинг васияти бажарилди“ (2015-йил 21-январ).
- ↑ 8,0 8,1 8,2 „2014-йилда орамиздан кетганлар: Олмахон Ҳайитова“ (2014-йил 29-декабр).
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |