"ОЛТУН ЙОРУҒ" — буддавийликка эътиқод қилган туркий қавмлар орасида машҳур бўлган қадимий ёзма ёдгорлик. Асл номи "Суварнапрабхаса" бўлиб, санскрит тилидан қадимий хитой тилига таржима қилинган. Х асрда Бешбалиқ шаҳрида Сенги Сели Тудунг уни хитой тилидан қадимий туркий тилга "Олтун ёруғ" номи билан таржима қилган ва эски уйғур-турк ёзувида кўчирган.

Ўнта афсонани ўз ичига олган "Олтун ёруғ" 675 саҳифадан иборат. Барча афсоналарда ҳам буддавийликнинг асосий таълимоти ("нажот топиш" таълимоти) биринчи ўринда туради. Мазмуни турлича бўлган афсоналарнинг ҳаммасини бирлаштириб, яхлит асар ҳолига келтирилишининг бош омили ҳам ана шу таълимотдир. Унда акс этган "тўрт олий ҳақиқат" босқичи ҳам Ўрта Осиё халқларининг фалсафий қарашларига мос келади.

"Олтун ёруғ"нинг ҳозирги туркийшунослар кўп фойдаланадиган нусхаси ХВИИИ асрда кўчирилган. Бу қўлёзма Санкт-Петербургдаги Осиё музейида сақланади.

"Олтун ёруғ"ни 1910-йил Шарқий Туркистоннинг Хансу вилоятидаги Вуншигу қишлоғидан С.Э.Малое топган. Унинг факсимиле нусхаси В.В.Радлов ва С.Э. Малов томонидан нашр этилган (1913— 17). Немис олими В.Мюллер эса асарнинг 1920 саҳифасини хитойча асл нусхаси билан қиёслаган ҳолда чоп эттирган (1913). В.В.Радлов "Олтун ёруғ"нинг бир қисмини немис тилида нашр қилган (1930). Турк олими Рашид Раҳматий Арат "Олтин ёруқ"ни транслитерация қилиб, усмонли турк тилига таржима қилишни бошлаган, лекин иш ниҳоясига етмаган. Яна бир турк олими Чевал боя юқорида эслатилган факсимиле нашр асосида "Олтун ёруғ"ни тўлиқ транслитерация қилиб чоп эттирди (Анқара, 1994).

Насимхон Рахмонов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил