Омина Фаёзова (1917-йил, 1-май, Бухоро 1993-йил, 11-декабр, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1973). Москва давлат консерваторияси қошидаги Ўзбек опера студиясида ўқиган (1934—1935). Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (1961). Бухоро театрида (1932—1934), Ёш томошабинлар театрида (1935—1939), 1939-йилдан Муқимий театрида ишлаган. „Ҳалима“ (Ғулом Зафарий) спектаклидаги ўғил бола роли унинг саҳнадаги илк образидир. Кейинчалик „Ҳалима“ да Ҳалима, „Аршин мол олон“ (У. Ҳожибеков)да Гулчеҳра, „Паранжи сирлари“ (Ҳамза)да Гулжон, „Тоҳир ва Зуҳра“ (С. Абдулла)да Юлдуз, „Равшан ва Зулхумор“ (Комил Яшин ва Т. Жалилов)да Оққиз, „Момо ер“ (Ч. Айтматов)да Тўлғаной, „Тоғ гўзали“ (С. Саидмуродов ва А. Муҳаммедов)да Идимоҳ, „Қайнона“ (М. Шамхалов)да Қайнона, „Онасининг қизи“ (Шухрат) да Ҳожар, „Майсаранинг иши“ (Ҳамза)да Ойхон, Майсара, „Фарҳод ва Ширин“ (Хуршид)да Ёсуман каби образларни яратди. Пластик ифодавийлик, сўзларни дона-дона ишлатиш, айниқса, ўткир ҳажв ва юмор воситаларидан фойдаланиш, ўткир ижтимоий характерлар яратиш Фаёзова ижодига хос хусусиятлардир. „Нурхон“ (Комил Яшин ва Т. Жалилов)даги Халча образи актриса ижодида алоҳида ўрин тутади. „Қайнона“ телевизион спектаклидаги Қайнона роли унга катта шухрат келтирди. Фаёзова филмлар („Чинор остидаги дуэл“ ва бошқалар)да ҳам суратга тушган. „Табассум“ радиожурнали ва телевизион миниатюралар театрининг фаол иштирокчиси бўлган. „Ер қимирлаганда“, „Қайнона билан келин“, „Эрка кампир“ каби кичик кулки хикояларнинг муаллифи. У 1947-йилдан дубляж санъати билан шуғулланиб, кўп кинофилмларда овоз берган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил