Википедияда исми Омон ва фамилияси Жамолов бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Омон Жамолов – ўзбек олими, ўқитувчи ҳамда ғўза ўсимлигига оид бир қанча илмий ишлар муаллифи[1]. 1962-йил Совет Иттифоқи Коммунистик партияси аъзолигига қабул қилинган.

Ҳаёти

Омон Жамолов 1938-йил Ўзбекистон ССР таркибидаги Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон раёнидаги Улянов номли совхоз марказида туғулган. Раёндаги Куйбишев номидаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқиган. Ўрта мактабни 1956-йил тамомлаб, 1957-йил Самарқанд давлат университетининг биология факултетининг кундузги таълим шаклига қабул қилинади. 1962-йил университетни имтиёзли диплом билан якунлайди. Олийгоҳни тамомлагач, ўқитувчилик фаолиятини шу йили Қарши давлат педагогика университетининг агробиология факултетида ўқитувчи сифатида бошлади. 1965-йил университетдаги ўқитувчилик фаолиятини якунлаб, Қашқадарё вилояти партия комитетида инструктор лавозимида ишга кириб, шу ерда 1966-йилнинг охиригача ишлади. 1966-йилдан 1967-йилгача Сурхондарё вилояти партия комитетида лектор бўлиб фаолият юритди. 1967-йил Сурхондарё вилояти совет иттифоқи коммунистик партияси биринчи секретарининг ёрдамчиси лавозимига тайинланди. 1 йилдан ортиқ партияда ишлаганидан сўнг, Сурхондарё вилояти пахтачилик стансиясида катта илмий ходим бўлиб ишлаб ғўза ўсимлигига оид йирик илмий ишлар билан шуғулланишни бошлади. 1987-йил стансиянинг „Ўсимликлар ҳимояси“ бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу билан бир пайтда пахта ҳосилдорлигини ошириш, ғўза ўсимлигининг вилт, макроспориоз, алтерпариоз қора илдиз чиришини йўқотиш устида бир нечта амалий ишларни олиб борди.

Илмий фаолияти

Омон Жамолов илмий раҳбарлигида „Синеб“ препарати Сурхондарё вилоятида, Туркманистон ССР ва қўшни ҳудудларда синов мақсадида қўлланилганида ғўзадаги макроспориоз касаллиги кескин камайди. 1973-йилда олим ўзининг кўп йиллик илмий тажрибасига асосланган ҳолда, „Сурхондарё шароитида ингичка толали пахталарда макроспориоз ва алтерпариоз (тола чириш) касалликларига қарши агротехника ва химик тадбирлар ишлаб чиқиш“ мавзусида ўзининг номзодлик диссертациясини ёқлади. Худди шу ва ёндош мавзулардаги 30 дан ортиқ мақолалари „Правда Востока“, „Ленинской знамя“, „Хлопководства“, „Зашита растение“, „Селской хозяйство Узбекистана“, „Ленин байроғи“ ҳамда „Микрология ва фитопатология“ журналларида нашр этилган[2].

Манбалар