Omon Matjon
Омон Матжон (тахаллуси; асл исм-шарифи: Омон Матчонов; 1943-йил 14-феврал, Хоразм вилояти, ЎзССР – 2020-йил 29-октябр, Тошкент, Ўзбекистон) – ўзбекистонлик шоир, Ўзбекистон халқ шоири.
| Омон Матжон | |
|---|---|
| Таваллуди |
14-феврал 1943-йил |
| Вафоти |
29-октябр 2020-йил (77 ёшда) Тошкент |
| Таълими | Самарқанд давлат университети |
| Касби | шоир, таржимон |
| Фаолият йиллари | 1965—2020-йиллар |
| Унвони |
|
| Мукофотлари |
|
Болалик йиллари
Омон Матжон гўдаклик давридаёқ онасидан айрилади. Омон Матжон мактабнинг учинчи синфида ўқиб юрган пайтларида шеърлар, эртаклар ёзган. Унинг илк шеъри 1958-йилнинг 15-мартида Янгибозор туман газетасида босилиб чиққан[1]. Ўн олти ёшида ўрта мактабни тугатган.
Фаолияти
Омон Матжон олий мактабни тамомлагач, Тошкентга келиб, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим мудири (1969–1985), „Ёшлик“ журналида бош муҳаррир (1985–1991), Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул ходим (1991–1994), Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасида раис ўринбосари (1994–1999), „Чўлпон“ нашриётида директор (1999–2001), 2001-йилдан „Гулхан“ журналида бош муҳаррири каби лавозимларда фаолият юритган.
Ижоди
Шоирнинг шеърлари 1965-йилдан бошлаб эълон қилина бошлаган. Шоирнинг „Карвон қўнғироғи“ (1973), „Қуёш соати“ (1974), „Ёнаётган дарахт“ (1977), „Ярадор чақмоқ“ (1977), „Сени яхши кўраман“ (1981), „Дарахтлар ва гиёҳлар“ (1984), „Ўртамизда биргина олма“ (1990), „Одамнинг сояси қуёшга тушди“ (1991), „Қуш йўли“ (1993), „Иймон ёғдуси“ (1994), „Ардахива“ (2000), „Хожа Аҳрор зиёратлари“ (2002) ва бошқа шеърий асарларида воқеликни нозик ҳис этган ҳолда бадиий ифодалаш, муайян ҳодисадан фавқулодда фалсафий хулосалар чиқариш, ўзи туғилиб ўсган муҳит колоритига мос ифодалар топиш тамойили устуворлик қилади. Омон Матжон лирик шеърлар билан бирга лирик қисса ва драматик достон жанрларида ҳам ижод қилиб, Хоразм халқ афсоналарининг ўзига хос бадиий талқини – „Ҳаққуш қичқириғи“ (40 афсона, 1979) шеърлар китобини, истиқлол арафасидаги шўролар мамлакати ҳаётининг зиддиятли манзаралари ва жароҳатлари тасвирига бағишланган „Гаплашадиган вақтлар“ (1986) қиссасини, шунингдек, ўзбек халқининг Хоразмдан чиққан буюк сиймолари ҳақидаги драматик достонлари („Паҳлавон Маҳмуд“, 1975; „Беруний“, 1977 ва бошқалар) ни яратган. „Минг бир ёғду“ (1982) асари Алишер Навоий „Хамса“си таъсирида ёзилган. Омон Матжон бу асарларида ўтмишда яшаб ижод қилган ўлмас сиймолар ҳаёти ва ҳозирги давр муаммоларини тасвирлашда лиро-эпик шеърият имкониятларидан маҳорат билан фойдаланган. Ўзбек шеъриятига Хоразм шевасига хос лексик унсурлар ва мусиқий оҳангларни олиб кирган, лирик шеъриятни эпик шеърият унсурлари билан бойитган.
Мукофотлари
- Ўзбекистон халқ шоири (1993)
- Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989)[2].
- * Меҳнат шуҳрати ордени (2021-йил)[3];
Манбалар
- ↑ 9-синф Адабиёт дарслиги, 229-бет, 2019-йил.
- ↑ Жумабоева Ж., Омон Матжон, Т., 1993.
- ↑ „Ўзбек адабиёти ва сан'атининг марҳум фидойилари мукофотланди“. кун.уз. Қаралди: 6-август 2024-йил.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ёзувчи, шоир ёки драматургга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
- 14-fevralda tugʻilganlar
- 1943-yilda tugʻilganlar
- Gurlan tumanida tugʻilganlar
- 2020-yilda vafot etganlar
- 29-oktyabrda vafot etganlar
- Toshkentda vafot etganlar
- Oʻzbekiston xalq shoirlari
- Mehnat shuhrati ordeni sohiblari
- Hamza nomidagi Oʻzbekiston Davlat mukofoti laureatlari
- Oʻzbekistonlik tarjimonlar
- Samarqand davlat universiteti bitiruvchilari
- Alifbo boʻyicha yozuvchilar
- Adiblar haqidagi chala maqolalar