Омск вилояти – Россия Федерацияси таркибидаги вилоят. 1934-йилда ташкил этилган. Ғарбий Сибир иқтисодий раёнига киради. Майдони 139,7 минг км². Аҳолиси 2162,5 минг киши (2000), асосан, руслар (80,3%), шунингдек, немис (6,3%), украин (4,9%), қозоқ (3,5%), татар (2,3%) ва бошқа миллат вакиллари (2,7%) ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 67,3%. Таркибига 32 маъмурий туман, 6 шаҳар, 24 шаҳарча ки-ради. Маркази – Омск шаҳри. Бошқа йирик шаҳарлари – Исилкўл, Тара.

Омск вилояти Ғарбий Сибир текислигида Иртиш дарёси ҳавзасида жойлашган. Ер юзаси қия-тўлқинсимон текислик, баландлиги 100–140 м, жанубий қисмида қатор тепа ("грива")лар, шимолий қисмида кенг ботқокликлар бор. Иқлими континентал, мўътадил совуқ. Қиши давомли ва қаттиқ январнинг ўртача температураси –20°. Июлники 20°. Йиллик ёғин 300–400 мм. Вегетация даври 153–162 кун. Дарёлари Иртиш ҳавзасига мансуб. Кўл кўп, жанубидаги кўллар кўпинча шўр, шимолида – чучук. Улардан энг йириклари – Ик, Тенис, Салтаим, Эбейти. Тупроклари қора тупроқ, подзол, ўтлоқ, кулранг ўрмон, чимли подзол. Ўрмон ва бутазорлар вилоят ҳудудининг 1/4 қисмини эгаллайди. Қорақарағай, оққарағай, оқ қайин, кедр, тоғ терак ўсади. Айиқ, бўри, тулки, қуён, ондатра, ғоз, ўрдак яшайди, балиқ тури кўп.

Саноатининг муҳим тармоқлари: машинасозлик ва металлсозлик (қарангҳ. машинасозлиги, моторсозлик, при-борсозлик, электротехника ва радиоэлектроника саноатлари – "Полёт" ишлаб чиқариш бирлашмаси, "Омск" моторсозлик корхонаси, "Сибкриотехника" ва бошқалар), нефтни қайта ишлаш, кимё ва нефт кимёси (синтетик каучук, техник резина маҳсулотлари, пластмассалар, Омск нефтни қайта ишлаш заводи, "Омсккаучук" аксиядорлик жамияти, техник углерод заводи; автопокришкалар – "Омскшина" ва бошқа корхоналар). Ёғочсозлик корхоналари ишлаб турибди. Йирик саноат марказлари – Омск, Калачинск, Исилкўл, Тара ва бошқа шаҳарлар.

Омск вилояти Сибирнинг йирик қишлоқ хўжалиги раёнларидан бири. Ғалла, техник (зиғир) ва озуқа экинлари, картошка ва сабзавот экилади. Сут-гўштчорвачилиги ривожланган. Мўйнали ҳайвонлар (олмахон, ондатра ва бошқалар) овланади, даррандачилик билан шуғулланилади. Иртиш дарёсида кема қатнайди. Нижневартовск – УстБалик–Омск нефт қувури ўтказилган. Автойўллар зичлиги 53 км/минг км². 9 олий ўқув юрти, 2 музей, 4 театр, филармония бор.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил