Она сути, кўкрак сути – эмизикли аёлнинг сут безлари ишлаб чиқарадиган суюқлик (секрет). Она сути гўдак учун энг яхши озуқа ҳисобланади, чунки бу даврда у таркиби ва озиқ моддалар нисбатига кўра гўдакнинг овқат ҳазм қилиш ва моддалар алмашинуви хусусиятларига мос келади. Она билан бола ўртасида ҳомиладорликнинг дастлабки кунларидан бошлабоқ „Она—йўлдош—ҳомила“ тарзида ўзаро мустаҳкам алоқа боғланади, бола дунёга келгач эса бу муносабат „Она – кўкрак сути – бола“ тариқасида давом этади. Шу узвийлик туфайли бола онадан керакли озуқа ва биологик фаол моддаларни қабул қилади, шунингдек, она билан бола ўртасида меҳр ришталари боғланади.

Она сути ҳақидаги дастлабки маълумотлар Ибн Сино қўлёзмаларида ҳам қайд этилган. У она сутини қуёш нурига қиёс қилган, чунки ер юзидаги барча тирик мавжудот (ўсимликлар дунёси) учун қуёш нури қанчалик зарур бўлса, ўсаётган мурғак гўдак учун ҳам она сути шунчалик зарурдир.

Бола туғилгандан сўнг, дастлабки 2—3 кунда онанинг сут безлари сарғимтир рангли суюқлик – оғиз сути ажратади. У, эндигина дунёга келган мурғакка энг зарур овқат; унда оқсил, туз, шунингдек, ёғ томчилари бўлади. Янги туғилган чақалоқ, она кўкрагига қанча эрта тутилса, шунча кўп оғиз сутидан баҳраманд бўлади. Шунинг учуп ҳам онанинг кўзи ёриши билан дастлабки 20—30 дақиқада чақалоқни онасининг кўксига ётқизиб, ҳар икки кўкракдан эмизишга ёрдамлашиш мақсадга мувофиқ. Илк соатдаги бир лаҳзали „баданма-бадан“ жисмий яқинлик она билан мурғак ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлайди. Туғруқдан кейинги биринчи ҳафта охиридан ёғларга бой бўлган ўткинчи сут, 2—4 ҳафтадан кейин доимий сифатли сут пайдо бўлади. Етилган она сути таркибида барча зарур озиқ модлалар ва витаминлар бор; улар тўлиқ ҳазм бўлиш ва сингиш хусусиятига эга.

Она сути енгил ҳазм бўладиган, тўйимли, турли микроблардан холи, пишириш ва иситишни талаб қилмайдиган тайёр озуқа. Унда 100 дан ортиқ керакли моддалар бўлиб, у фақат миқдор жиҳатидан эмас, балки сифат жиҳатидан ҳам боланинг ёшига, соғлигига мос келади. Она сутидаги оқсил, ёғ, углеводлар таркиби янги туғилган бола организмидаги худди шундай моддалар таркибига яқин туради. Она сутида оқсил, ёғ, углеводлар 1:3:6 нисбатда бўлади ва бола эҳтиёжини тўла қоплайди. Сут оқсиллари жуда тўйимли ва чақалоқ ичагида енгил ҳазм бўлади. Ёғлар ҳам эмулсия ҳолида бўлгани учун тўла-тўкис сўрилиб кетади. Она сути таркибидаги углеводлар озуқали хусусиятидан ташқари, ичакларда микробларнинг ўсишига тўсқинлик қилади ва шу тариқа овқат ҳазм бўлишини осонлаштиради. Она сутида зарур миқдорда тузлар, айниқса калций ва фосфор тузлари бўлади, улар бола скелетининг тўгри шаклланиши ва ривожланиши учун ғоят муҳим. Она сутидаги минерал моддалар ва витаминлар ўсаётган бола эҳтиёжига мос келади ва организмда яхши сингиши билан сигир сутидаги шундай моддалардан фарқ қилади.

Она сутидаги темир моддасининг ахамияти ниҳоятда катта, унинг ўзлаштирилиши она сутида одатда 70%ни ташкил эца, сигир сутида 30%, аралашмаларда эса 10%ни ташкил этади. Соғлом онадан туғилган соғлом болаларда темир захирасининг етишмаган қисми она сути ҳисобига тўлдирилади, лекин бола, она сутидан сигир сути ёки аралашмага ўтказилса унда камқонлик ривожланиши мумкин.

Она сутида витаминлар миқтори тез ўзгарувчан бўлишига қарамай бола эхтиёжини дастлабки ойларида тўлиқ қоплайди. Она сутида „О“ витамини унча кўп эмас, шунинг учун эмизикли чақалоқни ўз вақтида тоза ҳавога, қуёш нурига олиб чиқиб турилса, боланинг „О“ витаминга бўлган эҳтиёжи тўла-тўкис қондирилади.

Она сути турли касаллик вируслари ва микробларига қарши моддалар – антителоларга бой бўлади. Болани эмизганда иложи борича кўкракда йиғилган ҳамма сутни бола бир эмганда тугатишига ҳаракат қилиш лозим, акс ҳолда, бола ўзига керакли сутнинг юқори калорияли қисмини ололмайди, гўдакни эмизиб бўлгач, кўкракда қолган сутни, ҳатто у кам бўлса-да, охирги томчисигача соғиб олиш лозим, бу сут кўпайишига ёрдам беради.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, она сути болани рак касалликларидан сақлайди, унинг бу жиҳатини ўрганган олимлар, ракка қарши дори ишлаб чиқаришда бундан фойдаланиш мумкинлигини айтишмокда.

Бола она сутидан ажратилса ва сигир сути ёки сутли аралашмалар билан боқилса, у муҳим ҳимоя омилларидан маҳрум бўлади, бу боланинг ичи кетиши, овқат ҳазм қилиш тизимининг бузилиши сингари нохушликларга олиб келади. Она сути онанинг ўзини ҳам турли касалликлардан сақлаиди; масцҳп, сут безлари раки, гинекологик касалликлар болани кўкраги билан эмизмаган аёлларда 20—25 баробар кўп учрайди. Болани кўкрак сути бериб боққан оналарда камқонлик кам кузатилади.

Она сутининг иммун биологик аҳамияти.Ко`крак сути чақалоқларда инфексияга қарши иммунитетни шакллантиришда муҳим рол о`йнайди.Шу билан бирга,бир қатор махсус биологик фаол моддалар боланинг танасига кириб боради,бу эса пассив иммунитетни онадан болага о`тказилишини та`минлайди.Ко`крак сутида Г,А,М синфидаги иммуноглобулинлар аниқланган.Аммо улар орасида сут безларида бевосита ишлаб чиқариладиган секретор иммуноглобулин А нинг (СИгА) аҳамияти катта.

Она сутининг специфик иммун хусусияти иммунологик фаол хужайралар-макрофаглар ва лимфоцит томонидан кучайтирилиб,улар сут безларига қон оқими билан о`тиб,у ердан сутга о`тади.Ко`крак сутини химоя қилувчи бошқа омиллар қаторига темир тутувчи оқсил лактоферин,лизоцим ферменти лактопероксидаза,ҳамда вирусга қарши омил интерферон киради.Лактоферин фагоцитозни ва комплемент фаоллигини стимуллайди.Лизоцимнинг биологик аҳамияти унинг бактерицид фаоллиги ва ичак микрофлорасига бифидоген та`сири билан бог`лиқ.

Кузатувларга кўра, она сутига, она организмига тушадиган ҳамма моддалар ўтади, шунга кўра эмизикли аёл ўз овқагига катта эътибор бериши, у тўгри ва тўйимли овқатланиши, етарли миқдорда суюқлик, мева шарбатлари ичиб туриши, соф ҳаводан баҳраманд бўлиши, тиниқиб ухлаши лозим.