Онихофоралар (Онйчопҳора), бирламчи трахеялар (Протрачеата) — умуртқасиз ҳайвонлар типи. Танаси бўғимларга бўлинган (13 тадан 43 тагача), қуртга ўхшаш, узунлиги 15 смгача, юпқа кутикула билан қопланган. Бўғимларида 1 жуфтдан калта, хитин тирноқли содда тузилган оёқлари бор. Боши гавдасидан аниқ ажралмаган, унда оғзи, 1 жуфт узун мўйловлари, улар орасида 1 жуфт кўзлари жойлашган. Гавда бўшлиғи аралаш, бош мияси 3 бўлимдан иборат, қорин нерв стволи 2 та. Нафас олиш органлари — кучсиз ривожланган трахея найчалари. Қон айланиш системаси туташ эмас, ҳазм қилиш системаси найга ўхшаш. Айириш органлари оёклари асосига очиладиган найчалардан иборат. Айрим жинсли, кўпчилиги тирик туғади. 1 та синфи — онихофоралар, 70 та тури бор. Жанубий ярим шарнинг тропик ва мўътадил иқлимли ўрмонлар тўшалмасида яшайди. Йиртқич, оғиз сўрғичлари ажратиб чиқарадиган ёпишқоқ шилимшиқ модда ёрдамида ўлжа тутади. Илгари О.га ҳалқали чувалчанглар билан бўғимоёклиларни боғлаб турадиган оралиқ формалар сифатида қаралган. Ҳозир улар ҳалқали чувалчанглардан ажралиб чиққан ҳайвонларнинг мустақил типи ҳисобланади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил