Онтология (юнонча, онтос — борлиқ ва логия) — фалсафа бўлими, борлиқ ҳақидаги таълимот. Борлиқнинг умумий асослари, принсиплари, унинг шакллари ва қонуниятларини текширади. „Онтология“ терминини немис файласуфи Р.Гоклениус фанга 1513-йил киритган, Х. Волф (1679—1754) ўз дарелигида қўллаган бўлсада, дастлаб юнон файласуфлари унинг турли талқинларини баён этганлар. Улар онталогияни ҳақиқий борлиқни ноҳақиқий мавжудликдан ажратиб олувчи борлиқ ҳақидаги таълимот, деб ҳисоблашган. Элея мактаби намояндалари ҳиссий дунёнинг алдамчи кўринишини ҳақиқий борлиққа қарамақарши қўйиб, онталогияни мангу ўзгармас, ягона, соф борлиқ ҳақидаги таълимот сифатида қўллашган. Милет мактаби вакиллари ва Иония файласуфлари дастлабки борлиқнинг сифатий талқини ҳақида бош қотиришган. Улардан борлиқнинг бошланишида ётувчи бундай асосни Эмпедокл „стихия“, Демокрит „атомлар“, Анаксимандр „апейрон“, Анаксагор „уруғ“ деб атаган. Платон ғоялар Онтология.сини, Аристотел эмпиризм О.сини яратди. Ўрта ерлар фалсафасида О. илоҳиёт билан чамбарчас боғланади. Шарқ фалсафасида О. кўпроқ илоҳий борлиқнинг, худонинг моҳиятини акс эттирувчи таълимот тарзида, шарқ пантеистик фалсафасида ваҳдати мавжуд ва ваҳдати вужуд кўринишидаги таълимотлар шаклида пайдо бўлган. Фалсафада О. монистик, дуалистик ва плюралистик консепсиялар шаклида ҳам учрайди (қаранг Материя). Янги давр фалсафасида дуалистик О. намояндаси Р. Декарт бўлган. Ўз фалсафасининг асосига „монада“ — „илоҳий атомлар“ни қўйган В. Г. Лейбниц фалсафаси — плюралистик О.га мансубдир. Бу консепсия бўйича оламнинг асосида бир қанча моҳият ётиши мумкин. Шундай консепсия эмпириокритицизмда ҳам учрайди. Р. Авенариус, Э. Мах борлиқнинг асосида сезгилар мажмуи ётади, деб ҳисоблайди. Ҳозирги замон фалсафасида О.нинг мазмуни янада бойиган. Бу борлиқ ҳақидаги тасаввурларнинг ривожланиши билан боғлангандир. Маълумки, борлиқни механистик, метафизик ва материалистик талқин этишда у моддийлик билан, актуал мавжудлик билан, реаллик билан айнанлаштириб қўйилган эди. Борлиқаслида барча нарса ва ҳодисаларни, илгари мавжуд бўлган, ҳозир мавжуд бўлиб турган ва келажакда мавжуд бўладиган реалликларни, моддийлик ва маънавийликни, модда ва ғояни ҳам ўзига қамраб олади.

Адабиёт

  • Фалсафа. Маърузалар матни, Т., 2000.

Бахтиёр Тўраев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил