Орфоэпия (юнонча: ὀρθός “тўғри” ва ἔπος “нутқ, талаффуз”) —1) тилшуносликнинг адабий талаффуз меъёрларини ўрганувчи бўлими; 2) муайян миллий тилнинг талаффуз меъёрларига мос ҳолда бир хил талаффузни таъминловчи қоидалар тизими ва уларга риоя қилиш. Оғзаки нутқ талаффузининг бир хиллиги, имло (орфография) каби лисоний муомалани енгиллаштиради. “Орфоэпия” тушунчаси кенг ва тор маънода 2 хил тушунилади: кенг маънода — унга фонемаларни қўллаш қоида ва фонема аллофонлари (вариантлари)ни талаффуз қилиш қоидалари киритилади; тор маънода — фасат фонемаларни қўллаш қоидалари киритилади. Орфоэпия кўламининг бир хил белгиланмаслигининг сабаби шундаки, баъзи олимлар талаффуз меъёрлари тушунчасига фақат товушларни талаффуз қилишни, бошқалари эса урғуни ҳам, баъзан вариантдор грамматик шакллар ҳосил бўлишини ҳам киритадилар.

Тилнинг ички категорияси тарзидаги орфоэпик меъёр билан кридалаштирилган меъёр ўзаро фарқланади. Улардан биринчиси айни бир воқеа-ҳодисани ифодалашнинг тилда намоён бўладиган яширин имкониятлари мавжудлиги билан боғлиқ; бунда меъёр — муайян тилнинг аниқ бир сўзловчилар жамоасида тегишли давр орасида мавжуд бўлиши билан боғлиқ бир қанча ижтимоий омилларнинг амал қилиши натижасидир. Иккинчиси эса амалда мавжуд бўлган меъёрнинг турли луғатлар, маълумотномалар ва қўлланмаларда қоида ва кўрсатмалар тарзида шакллантирилган аксидир. Қоидалаштиришда қўллаш учун тўфи деб белгиланадиган фактлар танлаб олинади. Қоидалаштирилган меъёр кўпинча амалда мавжуд бўлган меъёрдан орқада қолади.

Орфоэпия миллий тилнинг шаклланиши билан бир пайтда, оғзаки нуқтнинг таъсир доираси кенгайган, оммага қаратилган нутқнинг янгича шакллари ривожланган пайтда пайдо бўлади. Орфоэпик меъёрларнинг шаклланиш жараёни турли миллий тилларда турлича кечади. Масалан, ҳозирги ўзбек адабий талаффузи меъёрларининг дастлабки илдизлари ўтган асрнинг 20—30-йилларида вужудга келган, бу соҳада бир қанча тадқиқотлар ўтказилиб, орфоэпик луғатлар нашр этилган бўлсада, ўзбек талаффуз меъёрлари тўлиқ шаклланган деб бўлмайди.

Орфоэпик меъёр муаммоси бир тил бирлигининг бир эмас, икки ёки ундан ортиқ ифодаси бўлган ҳолларда юзага келади. Меъёрда айни пайтда тил тизимида мавжуд бўлган ёки мавжуд бўлиши кўзда тутилган нарса сараланади. Тизим доирасида янги шаклларнинг пайдо бўлиши ҳамда эскиларини экстралингвистик омиллар таъсирида аста-секин сиқиб чиқариши натижасида меъёр ўзгариши мумкин. Меъёрнинг ўзгариши (алмашиниши) ҳар бир тарихий давр тилида вариантдор меъёрларнинг айни бир пайтда мавжуд бўлиши мумкинлигини инкор этмайди. Вақт ўтиши билан вариантлардан бири етакчига айланиб, қолганлари камроқ қўлланиб, истеъмолдан чиқиб кетади. Вариантлардан бирининг етакчи деб танланишига унинг тил тараққиётидаги обектив қонунларга мувофиқ келиши, кенг тарқалгани, мўътабар андозаларга (жамиятнинг билимли ва маданиятли вакиллари талаффузига) мослиги каби омиллар таъсир кўрсатади. Орфоэпия ривожида намунали адабий талаффузни тарғиб қилувчи театр, кейинчалик радио ва телевидение катта рол ўйнаган. Саҳна нутқи кўпчилик тилларда орфоэпик меъёрларнинг асоси ҳисобланади.

Нутқнинг ҳарактерига кўра, адабий талаффузни 2 гуруҳга ажратиш мумкин: тўлиқ талаффуз; қисқарган талаффуз; маърузачилар, актёрлар, дикторлар нутқи тўлиқ талаффузни акс эттиради, чунки бунда ҳар бир сўз, унинг морфемалари адабий тил қоидасига мос равишда тўла, аниқ, дона-дона талаффуз қилинади.

Сўзловчи ўз нутқига бепарво қараши орқасида, ўз шеваси таъсирида айрим фонемалар турли ўзгаришларга дуч келади, сўзнинг баъзи бирликлари қисқаради. Масалан, олиб келди — обкелди; олиб борди — обборди. Бу қисқартирилган талаффуздир.

Ўзбек адабий тилининг асосий орфоэпик қоидалари унли ва ундош фонемаларнинг талаффузи, морфологик бирликларнинг айтилиши, сўз бирикмаларининг талаффуз қилиниши кабиларни ўз ичига олади. Шунга кўра, умумий орфоэпик меъёрлар белгиланади. Орфоэпик меъёрлар, одатда транскрипсион белгилар воситаси билан ифодаланади.

Орфоэпия орфография билан зич боғланган. Бироқ сўзнинг ёки сўз шаклларининг жонли талаффузи ҳамма вақт ҳам уларнинг ёзувдаги ифодасига тенг бўлавермайди. Жумладан, ёзувда бор баъзи товушлар талаффузда сезилмайди: бироқ, билан, туҳмаччи, адабиёччи каби; ёзувда берилган товушлар талаффузда тушиб қолади: бадбах, аёлман, абстрак, Самарқан каби; ёзувда ифодаланган товуш талаффузда бошқаси билан алмаштирилади: обод - обот, китоб - китоп, пешвоз - пешвос каби. Талаффуздаги ана шу мураккаб томонларни ҳисобга олган ҳолда ягона орфоэпик қоидалар яратиш лозим бўлади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил