Зиёсферада исми Ориф ва фамилияси Олимжонов бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Орифжон Олимжонов (1898-йил, Жиззах – 1937-йил 9-октябр, Ленинград) – Самарқанд вилояти халқ таълими бўлими мудири, ЎзССР Марказий ижроия қўмитаси раиси Йўлдош Охунбобоевнинг шахсий котиби.

Орифжон Олимжонов
Таваллуди 1898-йил
Вафоти 1929-йил
Ленинград
Фаолият йиллари 1919—1929

Ҳаёти

Орифжон Олимжонов 1898-йилда Жиззах шаҳрида туғилган. Дастлабки таълимни жадид ва рус-тузем мактабларида олган. Отаси 1916-йилда содир бўлган Жиззах қўзғолонининг етакчиларидан бири бўлган. Қўзғолон бостирилгач қамоққа олинган. Орифжон Олимжонов отасини оқлаш мақсадида сиёсатга қадам қўйди. Орифжон Олимжонов 1919-йилдан 1920-йилгача мусулмон ёшлари жамиятининг фаол аъзоларидан бўлган. У совет маъмурлари назарига тушиб, 1920-йилдан 1922-йилга қадар Жиззах шаҳрининг ёшлар иттифоқида (комсомол) мас’ул котиб вазифасида ишлаган.

Орифжон Олимжонов 1922—йилда Самарқанд вилоят комсомол котиби этиб сайланади. Бу вазифада 1923-йилгача фаолият юритган. 1924-йилдан 1925-йилга қадар Самарқанд вилоятининг АПО мудири лавозимида ишлаган. 1925-йилдан бошлаб бир йил давомида Самарқанд қишлоқ хўжалик техникуми директори бўлган. 1926—1927-йилларда Самарқанд вилояти халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлаган[1]. О. Олимжонов 1927-йилда Эрондан қайтган дўсти Туроббек Тўрабеков (Тўрабеков миллий истиқлолчилик ҳаракати аъзоси сифатида советларга қарши курашган. Аввал Афғонистонга, сўнгра Эронга қочиб кетган эди)га уйида яшаб туришга рухсат беради.

Орифжон Олимжонов 1928–йилдан 1930-йилгача Янги турк алифбоси маркази кенгашида мас’ул котиб бўлган, шу билан бирда Самарқанд шаҳар округ компартияси ташкилий бўлимида мудир ўринбосари сифатида ишлаган. Бу вақт оралиғида Олимжоновнинг „Маориф ва ўқитғувчи“ журналида бир қатор мақолалари чоп этилган. Уларнинг аксарияти лотин алифбоси тўғрисида эди. Олимжонов 1930-йилнинг март-июн ойларида Андижонга юборилган ва округ колхоз иттифоқининг раиси вазифасига тайинланган. 1930-йил июндан ЎзССР Марказий ижроия қўмитаси раиси Йўлдош Охунбобоевнинг шахсий котиби лавозимида ишлаган. Бироқ Олимжоновга 1929-йилнинг ноябр ойида сохта айбловлар қўйилади. Уни 1923-йилда Туркия ва Эронга пул жўнатган деган айблов билан қамоққа олинади. 1932-йилнинг 14-октабрда эса ОГПУнинг Ўрта Осиё бўлими томонидан 10 йил муддатга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этилади. Олимжон Орифжонов жазони Соловес лагерида ўтайди. 1937-йилнинг 9-октабрида Ленинградга келтирилиб, отиб ташланади.

Орифжон Олимжонов 1974-йил 30-августда ЎзССР Олий суди томонидан оқланган ва бу хабар ўғли тиббиёт фанлари доктори, профессор Ўктам Ориповга етказилган[2].

Манбалар

  1. ↑ Ирзаев, Б „Сургун, отув ҳукми, ўттиз йилдан кейинги оқлов – Жиззах “Миллий иттиҳод” шўбаси а’золари қисмати“. ойина.уз (2022-йил 11-март). 2023-йил 25-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 24-сентабр 2023-йил.
  2. ↑ „Эгилган, букилган, бироқ синмаган ҳақиқат тантанаси“. юз.уз. Қаралди: 24-сентабр 2023-йил.