Википедияда исми Ортиқ бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Ортиқ Додхоҳ — (1891—1932) — Шарқий Бухорода қизил армияга қарши курашган қўрбошилардан бири. Иброҳимбек қўрбошининг сафдоши[1].

Ортиқ Додхоҳ
Ортиқ Додхоҳ
Бухородаги машҳур қўрбоши
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1891-йил
Шарқий Бухоро
Вафоти 1932-йил
Тошкент

Қўрбошилик фаолияти

Ортиқ Додхоҳ 1891-йили Шарқий Бухорода таваллуд топган. Ўзбек миллатига мансуб бўлган. Унинг оиласи асосан Тожикистон ССР Қизилмозор тумани Сассиқбулоқ қишлоғида истиқомат қилган. Ортиқ Додхоҳнинг ижтимоий келиб чиқиши Балжувон лақайларидан бўлиб, у тортугул уруғига мансуб бўлган. Оиласи бой чорвадорлардан бўлган. 1920-йилгача Ортиқ Додхоҳнинг 50 та бияси, 10 та оти, 25 та сигири, 15 та ҳўкизи, 5 та эшаги, 8 та туяси, 2500 та қўйи ва 15 нафар хизматкори бўлган. 1931-йил 4-августда Ортиқ Додхоҳнинг сўроғида маълум бўлишича, у дастлабки ҳаракатини 1920-йилдан бошлаган. Давлатмандбий қўрбошининг гуруҳида қизил армияга қарши қуролли ҳаракат бошлаган. У Тоғай Соридан додхоҳ унвонини олади. Унинг бу даврда 30 нафар сафдоши бўлган. Ортиқ Додхоҳ 1925-йилгача ўз ҳудудида истилочилик ҳаракатига бошчилик қилган. Кейинчалик Афғонистон томонга ўтиб кетган. 1931-йилгача бир неча марта Афғонистон ҳудудидан Тожикистоннинг Саройкамар тумани Қурбон Шаҳид қишлоғида ўтиб турган. Тожикистон ҳудудида 1931-йилда 300 нафар сафдоши билан бир неча маротаба қизил армияга қарши курашган. 1931-йилда Иброҳимбек ташаббуси билан Жарибқул ҳудудида Ортиқ Додхоҳ Қизилмозорга яшовчи туртугул уруғининг беги қилиб тайинлаган. Чолтоғдаги қурултойдан кейин Ортиқ Додхоҳ Балжувонга юборилган. Ортиқ Додхоҳ Аширов 1931-йил ёзида чекистлар қўлига тушади ва 1932-йил 13-апрелдаги совет ҳокимияти қарорига кўра 1932-йил 10-августда Тошкентда 41 ёшида отиб ташланган[2].

Манбалар

  1. ↑ Ражабов Қ. Иброҳимбек қўрбоши ва сафдошлари жасорати. Тошкент: „Фан“, 2022 — 399-бет. 
  2. ↑ Ражабов Қ. Туркистон қўрбошилари. Тошкент: „Фан“, 2022 — 400-бет.