Остеомалясия (юмшоқлик) — одам ва ҳайвонлар (асосан, қорамоллар) да учрайдиган моддалар алмашинуви касаллиги. Бунда моддалар алмашинувидан асосан минерал моддалар алмашинуви бузилиб, кўпроқ суяк тўқимаси зарарланади. Суяклар юмшаб қолади, эгилувчанлиги ошади ва деформацияланади. Касалликда суяк тўқималарида ишқорий фосфатазалар фаоллиги ошиб, витамин Д метаболизмининг ҳосил бўлиши тўхтаб қолади ва бу скелет суякларида қайта қурилиш рўй беришига олиб келади. Аёлларда, айниқса, ҳомиладорлик даврида кузатилади. Беморга витаминларга бой овқатлар буюрилади. Ҳайвонларда озуқа рационида калсий, фосфор тузлари, витамин Д етишмаслиги, офтобдан баҳра олдирмаслик, ёш даврида қочириш остеомалясияга сабаб бўлади. Белгилари одам ва ҳайвонларда бўшашиш, кўп ётиш, қалтираш, суяклари юмшаб мўртлашиши, чаноқ, оёқ суяклари қийшиши, тиши қимирлаши, иштаҳаси бўғилиши, суяк ва бўғимлари оғриши кузатилади.

Давоси

Одамлар учун витаминларга, минерал моддаларга бой овқатлар ва ҳайвонларга ем-хашак берилади. Рационга суяк уни, фосфорин, монокалсий фосфат, бор, ош тузи, балиқ мойи керакли миқдорда қўшилади. Ҳайвонга сунъий ултрабинафша нур туширилади. Касалликнинг олдини олиш учун ҳайвонларни тўйимли ва сифатли ем-хашак билан боқиш керак[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил