Osteoxondroz
Бу мақола викилаштирилиши керак. |
Остеохондроз (юнонча: остео — суяк ва чондрос — тоғай) — умуртқаларни бирлаштирувчи тоғай-пай қисмининг дегенератив трофик ва функсионал ўзгариши натижасида келиб чиқадиган касаллик. Одатда, умуртқа поғонасининг бўйин ёки бел қисмлари зарарланади. Моддалар алмашинувининг бузилиши, турли шикастланишлар, оғир зўриқишлар ва бошқа сабаб бўлиши мумкин. Умуртқа поғонасининг фаолияти функсионал жиҳатдан фақат боғловчи тоғай-пай аппаратларига эмас, балки ушлаб турувчи тана ва умуртқа мускуллари, қон ҳамда нерв томирлари, орқа мия пардаларига ҳам боғлиқ. Умуртқанинг эгилувчанлиги, эластиклиги, ҳаракатчанлиги, жисмоний зўриқишларга чидамлилигини умуртқалараро дисклар таъминлайди. Бу дискни қоплаб турган тоғай ва пай элементлари умуртқаларни бир-бирига боғлаб туради ва бир бутун умуртқа устунини ҳосил қилади. Диск ва унинг атрофидаги пай-тоғай боғловчи элементлардаги ўзгаришларга ревматизм, шикастланишлар, иммунитетнинг сусайиши ва ирсий омиллар сабаб бўлиши мумкин. Остеохондроз кўпроқ бўйин ва бел дискларида учрайди. Дискда кузатиладиган дегенератив ўзгаришлар асосида мураккаб биокимёвий жараёнлар ётади. Турли шикастланишлар таъсирида дискнинг асосий моддаси деполимеризацияга учраб, ҳужайраларни жароҳатлайди ва ўзгартиради. Натижада асосий модда нордон мукополисаҳаридларнинг кўпайишига олиб келади, у эса дискнинг тоғай ва пай тўқималарини аста-секин юмшатиб, фиброз ҳалқаларда ёриқчалар ҳосил қилади ва дискнинг герметик ҳолатини бузади, дистрофик ва дегенератив жараёнлар ривожланади.
Остеохондроз 2 босқичда ўтади: 1) Хондроз даври. Бунда умуртқалараро диск ядросини ўраб турган боғловчи фиброз ҳалқа ва бошқа элементларда ўзгариш бошланади, лекин диск оғриқни сезмаганлиги учун бу даврда беморда клиник белгилар кузатилмайди; 2) Остеохондроз даври. Бунда бошланган дегенератив ўзгаришлар диск ва умуртқанинг суяк қисмига ўтади, чегараланган „беркитувчи“ пластинкалар йиртилиб, герметиклиги йўқолади; қон томирлар ва нерв толалари диск ичига ўтиб, оғриқ беради. Дистрофик жараён диск атрофидаги умуртқа бўғимларида, калта-узун пайларда ҳам ривожлана боради ва умуртқалар орасини торайтириб қўяди, умуртқа „ўтириб“ қолади. Касаллик белгилари дегенератив дискнинг жойлашишига боғлиқ. Агар бўйин соҳасида бўлса, шу соҳага алоқадор аъзолар фаолиятида ўзгаришлар, касалликлар ва синдромлар кузатилади. Бўйин остехондрози экстракраниал (ташқи нерв илдизлари синдромлари), интракраниал (ички ва ташқи шикастланишлар, қон етишмовчилиги), вертебрал (вертебрал етишмовчилик) хиллари бор.
Кўкрак қисмидаги остеохондроз белгилари, асосан, нерв илдизларининг синдромлари билан ифодаланади. Бел умуртқаси остеохондрози кўпроқ учрайди, чунки киши бирор бир меҳнат қилганда маълум бир жисмоний куч талаб этади ва бу ўз-ўзидан белни зўриқтиради. Бел остеохондрозининг қуйидаги турлари ажратилади: 1) илдизли — рефлектор синдром (люмбаго, ишиас ва бошқалар); 2) умуртқа диск чурраси, унда турли компрессион миелопатиялар кузатилади; 3) диск атрофидаги илдиз қон томир ва бўғимлар билан бирга кузатиладиган синдромлар; 4) чаноқ суяклари пайлари ва думғаза билан бирга учрайдиган синдромлар (сакроилеит, сакрализация, коксигодиния).
Остеохондрознинг барча хилида оғриқ бўлади, бу касалликнинг қайси босқичда эканлигига боғлиқ. Даво, асосан, консерватив, оғриқ қолдирувчи дорилар буюрилади. Остеохондрознинг диск чурраси стабил фалажни келтириб чиқарса, операция қилинади.
ТошПТИ 6-курс талабаси Нормуродов Ф. 2023-йил.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |