Oy tutilishi
Ой тутилиши — Ой сатҳига Ер сояси тушганда юз берадиган ҳодиса. Бу ҳодиса Қуёш, Ер ва Ойнинг бир-бирларига нисбатан эгаллаган вазиятларига боғлиқ. Ой Ердаги кузатувчига нисбатан Қуёшга қарама-қарши томонда (яъни тўлиной пайтига яқин) бўлса — Ой тутилиши, Қуёш томонда (янги ой пайтига яқин) бўлса, Қуёш тутилиши юз беради. Ой билан Қуёшнинг кўринма диаметри тахминан баробар. Ой Ердан энг узоқлашганда 29’30", Ерга энг яқинлашганда 33’ 30" бурчак остида кўринади. Ер Қуёшдан энг узоқлашганда Қуёш гардиши ЗГ 20", Қуёшга энг яқинлашганда эса 32’ 30" бурчак остида кўринади. Демак, Қуёш тутилиши пайтида, тутилиш марказий бўлса, Қуёш дискини Ой тўла тўсиб қолиши мумкин.
Ой ҳар 29,53 кунда Ер атрофини Қуёшга нисбатан тўла бир марта айланиб, Қуёш ва қарама-қарши томонда бир мартадан бўлади. Аммо Ойнинг орбита текислиги Ернинг Қуёш атрофида айланиши орбита (эклиптика) текислиги билан устма-уст тушмай, у билан 5°, 09’ бурчак ташкил этганлиги сабабли, Ой тутилиши ҳар ойда юз бермайди. Ойнинг янгиой ва тўлиной фазалари Ер ҳамда Қуёшни бирлаштирувчи тўғри чизиқдан юқорида ёки пастда содир бўлади. Ой орбитасининг эклиптика текислиги билан кесишиш нуқталари чиқиш ва тушиш тугунлари дейилади. Икки кетма-кет келган янгиой (ёки тўлиной) орасида ўтган вақт 29,53 кун бўлиб, бу даврда Қуёш эклиптика бўйлаб 29° га силжийди ва Қуёш тугунлардан ўтиш пайтида бир марта, баъзан икки марта Қуёш тутилиши юз беради. Ой тутилиши юз бермаслиги ҳам мумкин. Қуёш тутилишлари кетма-кет икки марта тутилиш чегараларида рўй берса, Ой тутилиши кузатилиши шарт. Демак, тутилиш ҳодисаси гуруҳли тарзда рўй беради. Гуруҳда энг камида битта Қуёш тутилиши, кўпи билан учта Қуёш — Ой — Қуёш тутилишлари юз беради. Йилига 4—5-марта Қуёш тутилиши, 2—3-марта Ой тутилиши рўй беради. Қуёш тутилиши ва Ой тутилиши кетма-кетлиги 18,6 йиллик давр билан такрорланиб туради. Ой тутилиши Ерда Ой кўриниб турган барча нуқталарда кузатилади. Ойнинг тўла тутилиши 2 соатча давом этади.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Астрономияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |