Ойдин (тахаллуси, асл исм-шарифи Собирова Манзура) (1906.20.11 – Тошкент – 1953.30.5) – ёзувчи, драматург. Хотин-қизлар билим юрти (ИНПРОС)да (1919—1923) ва Самарқанд педакадемиясида (1927 – 31) ўқиган. Ўздавнашрда бўлим бошлиғи (1931), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб (1932–1937). „Ёрқин ҳаёт“ журнали муҳаррирининг ўринбосари (1938—1941), Ўзбекистон Радиоқўмитасида адабий эшиттиришлар бўлими масъул муҳаррири (1941—1945), „Ўзбекистон хотин-қизлари“ журналининг бош муҳаррири (1946—1953).

Илк шеърлар тўплами – „Тонг қўшиги“ (1931) ва „Чечан қўллар“ (1932)да ўзбек аёлларининг ҳаётда тутган ўрни, қадр-қиммати ва ўзига хос характерини реалистик бўёқларда тасвирлаган. „Чақалоққа чакмонча“ (1939), „Қизларжон“ (1943), „Ширин келди“ (1944), „Мардлик – мангулик“ (1947), „Ҳикоя ва очерклар“ (1952), „Ҳикоялар“ (1954) каби китоблари ўзбек ҳикоячилигининг энг яхши намуналаридир. О. асарларининг асл моҳиятини бадиий адабиётнинг азалий муаммоси бўлган яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги кураш ташкил этади. Драма („Янгиликка қадам“, 1925), айрим санъат арбоблари; М. Турғунбоева, Ҳ. Носирова ва бошқа ҳақида очерклар, адабий-публицистик мақолалар муаллифи. Тошкент кўчаларидан бирига Ойдин номи берилган.

Манбалар

  • Шеърлар, Т., 1937; Ҳикоялар, Т., 1967; Ширинга мактуб, Т., 1975; Гулсанам, Т., 1985.

Адабиёт

  • Зулфия, Ойдин Собирова [очерк], Т., 1953; Мирзаев С, Ойдин, Адабий портрет, Т., 1965.