Oydinniso
Ойдиннисо (1980-йил 30-апрел, Самарқанд вилояти, Пахтачи) — ўзбекистонлик ёзувчи ва шоира. Шоиранинг болалар учун эртаклари, топишмоқлар тўпламлари чоп этилган. Шеърлари инглиз, рус, олмон, турк, тожик, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. 2010-йилдан буён Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи муҳаррири.
| Ойдиннисо | |
|---|---|
| Таваллуди |
1980-йил 30-апрел |
| Касби | ёзувчи ва шоира |
Фаолияти
Ўқувчилик йиллари „Пахтачи“ туман газетасида жамоатчи мухбир бўлган ва таҳририят қошидаги „Ёш қаламкашлар“ тўгарагига қатнашиб, бир қатор танловларда олий ўринларни эгаллаган. Талабалик даврида туркум шеърлари ва мақолалари билан омма эътиборини тортган ва 1999-йилда республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари ғолиби сифатида шуҳрат қозонган. Ойдиннисо „Туркистон“ газетасида 2000-йилдан 2005-йилгача фаолият юритган. Кейинчалик „Хордиқ“ газетасида ва „Янги аср авлоди“ нашриёт-матбаа марказида ишлаган. Айни пайтда Ғафур Ғулом нашриётида ишламоқда[1].
Ижоди
Шундай бўладими одам ҳам,
Шунча хўрлайдими юракни?
Дўндирарми шунчалар осон,
Бир умр тиланган тилакни.
Узр сўраб устига устак,
Тортадими дилга тарсаки.
Олқишмиди ёки ҳақорат —
Иккисига ўхшар қарсаги.
Ойдиннисо
Шоиранинг дастлабки шеърлари „Зарафшон“, „Пахтачи“ газеталари, шунингдек, „Ғунча“, „Гулхан“ журналларида чоп этилган. Бундан ташқари, Ойдиннисонинг шеърлари „Ўзбек модерн шеърияти“, „Истиқлол умидлари“, „Юртни севмоқ — саодат“ ва бошқа бир қатор тўпламлардан ўрин олган[2]. Ойдиннисонинг „Номсиз“, „Менсизлик“, „Қайтиш“, „Қоралама“, „Ҳовур“ номли шеърий тўпламлари ҳамда „Ҳаёт дарахти“ номли қиссаси чоп этилган. Шоира нафақат шеър ёзган, балки япон адиби Рюноске Акутагаванинг бир қатор новеллаларини ўзбек тилига ўгирган. Жумладан, „Батат бўтқаси“ номли китобни нашрга тайёрлаган.
Манбалар
- ↑ „Ойдиннисо (1980)“ (2013-йил 26-сентябр). Қаралди: 2022-йил 9-октябр.
- ↑ С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Ўзбек адиблари.. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2016 — 434-бет.